Маълум қилинишича, 3759-сонли низомга мувофиқ, 22 апрелдан бошлаб фуқароларни фирибгарликдан ҳимоя қилиш мақсадида онлайн кредит ажратишнинг янги тартиби жорий этилди.

Янги тартибга кўра, бир мижоз номидан бир вақтнинг ўзида бир нечта банкка юборилган кредит сўровлари КАТМ Кредит бюроси орқали мувофиқлаштирилади.

    • Энди биринчи юборилган сўров биринчи бўлиб кўриб чиқилади;
    • Агар кредит ажратилса, бошқа банкларга 24 соат давомида янги сўров юбориш чекланади;
    • Агар кредит рад этилса, мижоз бошқа банкларга мурожаат қилишда давом этиши мумкин;
    • Ҳар бир банк кредит бериш ёки рад этиш қарорини мустақил қабул қилади.

    Ушбу тартибнинг асосий мақсади — бир шахс номидан қисқа вақт ичида бир нечта кредит расмийлаштирилишининг олдини олиш ва фуқароларни онлайн фирибгарликдан ҳимоя қилишдан иборат.

    Қайд этилишича, КАТМ Кредит бюроси ахборот алмашинув тизими одатий режимда ишламоқда ва унда узилишлар кузатилмаган.

    Шу билан бирга, айрим тижорат банклари ўз дастурий таъминотларини янги тартибга мослаштириш жараёнини якунлаётгани сабабли, айнан шу банкларда онлайн кредит ажратишда вақтинчалик узилишлар юзага келаётган бўлиши мумкин.