Гап шу ҳақда кетар экан, кейинги йилларда халқимизнинг сиёсий маданияти ошгани, жамиятдаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси юксалганини алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади. Бу жиҳатлар Президент сайлови кампанияси вақтида фуқароларнинг сиёсий жараёнга катта қизиқиш билдираётган, айниқса, ёшларимиз фаоллик кўрсатаётганида ҳам кўзга ташланади.
Жумладан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабалари ҳам Президент сайловига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Сайлов кампанияси бошлангандан буён талабаларимиз ўзаро муҳокамалар чоғида номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб чиққанини, сайловга оид ҳуқуқларини тўлиқ англаб етганини сезиш қийин эмас.
Шу маънода, мамлакатда “Бир сайловчи – бир овоз” тамойили кенг оммалашмоқда. Ўз навбатида, сайлов куни тобора яқинлашиб келар экан “Мен нима учун овоз бераман”, деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Аминмизки, бу саволга сайловчи фуқароларимизнинг жавоби аниқ: ҳар биримиз ҳаётимиз фаровонлигини, бугунги ҳаётимиз эртага янада яхши бўлиши, бу – бизнинг тўғри танловимизга боғлиқ. Зеро, келажак учун берилган овоз ҳамиша ўз акс-садосини берган.
Шундай экан, 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида мен шахсан ўзим овоз бераман ва муносиб деб билган номзодни танлайман.
Шавкат МИРЗАҚУЛОВ,
ЎзДЖТСУ Миллий Кураш турлари
назарияси ва услубияти кафедраси мудири