Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг яқин дўстлари ва ишончли ҳамкорлари бўлган хорижий ҳукуматлар ва халқаро молия институтлари вакиллари ҳамда нуфузли компаниялар раҳбарлари билан ушбу форум доирасидаги учрашувлар яхши анъанага айланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
“Сизларнинг меҳмондўст диёримизга ташрифингизни юртимизга ҳурмат ва ислоҳотларимизга ишонч, деб қабул қиламиз”, - деди Президент.
Халқаро майдонда ҳозирги вақтда давом этаётган мураккаб ва таҳликали жараёнлар, башорат қилиб бўлмайдиган ўзгаришлар дунё иқтисодиётини жиддий синовдан ўтказаётгани қайд этилди.
Бундай зиддиятли шароитда бугунги учрашув икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга, янги бизнес имкониятларини кашф этишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.