Бу дунёда кимгадир кераклигини ҳис қилиб яшаш инсонга ҳамиша илоҳий куч, сўнмас бир ҳаётий завқ бағишлаб туради. Аслида ҳаётнинг мазмуни ҳам шу. Одамларга керагинг бўлса, юртга нафинг тегса, ортингдан яхшиликлар, эзгу амаллар қолса-ю, инсонлар сени илиқ хотиралар билан тилга олса, шундагина бу ёруғ дунёга шунчаки келиб-кетмаганинг, умрингни беҳуда ўтказмаганингдан кўнглинг тўлади.

Май ойидан буён театримизнинг барча актёрлари шоиру ёзувчилар, хонандалар, маънавий тарғиботчилар билан бирга республикамизнинг турли ҳудудларида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирларда қатнашиб келяпти. Улар қатори мен ҳам Сирдарё ва Навоий вилоятлари, Қорақалпоғистонда бўлдим. Аввало, таъкидлашни истардимки, сафарларимиз давомида бугунги куннинг, бугунги одамларнинг чиндан ҳам бутунлай бошқа эканини уларнинг кўзларида яққол сездик. Айниқса, Навоийда. Бу вилоятга айни жазирамада бордик. Шунга қарамай, одамлар юзларида табассум ила биз билан учрашгани ошиқиб келяпти. Улар билан яқиндан, самимий мулоқот қилар эканмиз, “бугунги ўзгаришларни тан олиш керак, юртимизда мисли кўрилмаган ишлар амалга ошяпти”, деб гап бошласак, шукроналик ҳисси билан сўзларимизни маъқуллашди. Бу бизга яна илҳом бағишлаб, юртимизни мадҳ этгувчи шеърлар қўшиқларга уланди.

Ғозғон шаҳрида ҳам бўлдик. 100 минг кишилик шаҳар. Ҳокими ҳам ёш, янги шаҳарга янгича руҳ беришга шай инсон экан. Янги ташкил этилган шаҳарнинг илк меҳмонлари бўлганимиздан ғурурландик, бу ернинг тупроғидан 7 хил мармар олинишини эшитиб, фахрландик. Ҳатто Москва метросини қуришда ҳам Ғозғон мармаридан фойдаланишган экан. Нафақат мармар, бу ерда гранитларни ҳам кўрдик. Маҳаллий аҳоли билан мулоқотда бўлдик, бизни Ғозғонни шаҳарга айлантириш масаласида Президентга мурожаат қилган, ҳозир 100 ёшга кирган уруш қатнашчисининг уйига ҳам олиб боришди. Мурожаати инобатга олингани учун Президентга миннатдорлик билдирган экан. Ишонасизми, ҳалиги одамнинг ёнида бир қанча китоблар терилиб турибди. Қизиқиб, бир-иккитасини варақлаб ҳам кўрдик. Бугунги ўзгаришлар ҳақида ёзилган экан. Шу ёшда отахон буларнинг барини ўқий олаётганига ҳавас қилиб, “илоҳим, кўз тегмасин”, дедик. Ёнига орденлар тўла костюмларини илиб қўйишибди, роса ҳавас қилдик. Отахон бир умр ўқитувчилик қилган экан, барча фарзандлари ҳам ўқитувчилик касбини эгаллашибди. Набиралари ҳам бобосининг китобхонлигидан илҳомланиб, китобхон болалар бўлишибди. Мана, жойларда қандай юртдошларимиз бор!

Кўплаб қишлоқларда бўлдик. Бир қишлоқ аҳли “тўғри, ўчоққа ўтин ёқиб овқат пиширамиз, лекин вай-файимиз бор”, деб роса кулдиришди бизни. Нуротани айтмайсизми? Бу ердаги чашма-ю, кўзни қувнатгувчи балиқларни кўриб, роҳатланасан киши. Тоза булоқ сувлари бор бу гўшада қанча-қанча зиёратгоҳлар обод бўляпти.

Бугунги Қорақалпоғистон, айниқса, Мўйноқ ҳақида гапиришга ҳожат ҳам йўқ. 1972 йилда биринчи марта Қорақалпоғистонга борган эдик. Ўшанда битта ресторан, битта меҳмонхона бўлар эди. Фақат тухум ва балиқдан бўлак егулик топиш ҳам амримаҳол, ҳар куни бир хил таом ердик. Оёқ босмайдиган жойлар эди. 100-150 километр жойга қийналиб бориб спектакль қўяр эдик. Узоққа бормайлик, бундан 6-7 йил аввал ҳам Мўйноқ халқи умидсиз, Орол фожиасидан хавотирда яшар эди. Сал илгари ишсизлик, турли касалликлардан безор бўлган Мўйноқ халқи яхши ният билан ҳаётга умид боғлаб яшагани учун дориламон кунларга етди. Бугунги ҳаётбахш ислоҳотлар Мўйноқни тубдан ўзгартириб юборди. Чиндан ҳам мўъжиза юз бераётгандек бу юртда. Худди манасликлар каби мўйноқликларга ҳам ҳавасингиз келади. Бу юртга боришни орзу қиласиз. Қад ростлаган ва айни пайтда ҳам қурилаётган биноларга қараб, бу ерда чинакам янги ҳаёт бошланганини ҳис қиласиз.

Ўз-ўзидан давлатимиз раҳбарининг “Маданият Мўйноқдан бошланади”, дегани ҳам бежиз эмаслигига амин бўласиз. Қорақалпоқнинг аксарият таниқли давлат арбоблари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, олимлар, шоир-ёзувчилар, маданият соҳаси вакиллари Мўйноқда улғайгани буни тасдиқлайди.
Жумладан, қорақалпоқнинг севимли шоирлари Бердақ ва Ажиниёз асли мўйноқлик. Қорақалпоғистонни узоқ йиллар бош­қарган Қаллибек Камолов, марҳум Сағиндиқ Нийетуллаев, Уббинияз Аширбеков ва Тимур Камолов ҳам Оролга яқин жойда туғилганлар-ку.

Мана шундай инсонларни улғайтирган халқ билан ҳам учрашдик. Рус маркази вакиллари бизни марказга таклиф қилишди. “Марказимиз таъмирланган, жуда чиройли бўлган”, деб севинишяпти. Қорақалпоқ ўтовларини айтмайсизми? Ишонасизми, кечки соат тўққиз яримда бошланган тадбир ўн иккида тугади. Биров қилт этмади. Санъатни шунчалар соғинибди одамлар. Шунақа чиройли тадбир бўлди. Минҳожиддин Мирзо икки халқнинг қардошлиги, самимий дўстлик ришталари, бугунги маънавий янгиланишлар ҳақида узоқ гапирди. Ўзбек-қорақалпоқ қўшиқлари янгради. Муяссар Раззоқованинг жарангдор овози ўз элининг тоғу тошларида акс садо берди гўё.

Сирдарёга сафаримиз янада ҳайратомуз бўлди, десам муболаға ўхшар балки. Айниқса, Сардобада кўнглимдан кечганларини сўз билан тасвирлаб бера олмайман. Тез фурсатда бунёд бўлган замонавий шаҳарда халқ билан учрашар эканмиз, 2020 йилги Сардоба воқеалари бир-бир кўз олдимдан ўтди. Бошпанасиз, чорасиз қолган одамлар. Уйларнинг томларида бўлса ҳам жон сақлашга уринган, лекин табиий офатга дош беролмаган қанча-қанча жониворлар. Миллий бойлигимиз деб кўз тикканимиз — сув ювиб кетган пахтазорлар. Фалокатдан кўнгли чўкиб, кўзи ёшланган одамларни ҳеч нарсадан қўрқмаслик, эртанги ҳаётган ишонишга чорлаётган Президентимиз. Хаёлимни янги уйларнинг деразаларидан бош чиқариб, завқ-шавқ билан бизни олқишлаётган одамлар тарқатиб юборди. Минҳожиддин Мирзо ярми ҳазил, ярми чин оҳангда “э, барака топгурлар, пастга тушинглар”, деб ёш болалардан хавотирланганини билдириб қўйди. Пастда одам кўплигидан артистларни кўролмай қоламиз, деб юқоридан томоша қилишаётган эди.

Эҳ, сафарлардаги таассуротлар битта мақолага сиғмайди. Энг муҳими, халқимизнинг санъатсевар экани, бугунги кундан, ҳаётидан розилиги  уларнинг кўзларида акс этиб турарди. Мана шундай халқ билан бирга эканимизга минг шукрлар айтдик. Зеро, бутун дунё коронавирус балоси билан олишиб турган бир пайтда одамларимизнинг кўзи кулиб тургани энг катта бахтимиз эканини чуқур ҳис қилдик. Ҳеч қайси мамлакат раҳбари пандемия даврида санъатга, маданиятга, илм-фанга бу қадар эътибор бермаган бўлса керак. Бу ҳам бўлса, халқимизни тушкунликка туширмаслик, қалбида эртанги кунига ишонч туйғусини сўндирмасликнинг амалдаги кўриниши, деб биламан. Ўзингиз ўйланг, ўтган йилги энг кучайтирилган карантин даврида ҳам биронта театр ўз фаолиятини бутунлай тўхтатиб қўймади. Репертуаридаги барча спектакллар онлайн тарзда бўлса-да, халққа намойиш қилинди. Актёрларнинг репетиция жараёнларидаги иштироки ҳам онлайн бўлди. Бу осон эмас. Саҳнада, юзма-юз туриб тайёргарлик қилган қаерда-ю, масофадан ишлаган қаерда? Шундай бўлса-да, раҳматли Фатҳулла Маъсудов бошчилигида саҳналаштириш жараёнларида барчамиз фаол иштирок этдик.

Мана шундай ишларимиз, умуман, санъат ва маданият ходимларининг машаққатли меҳнати ҳам Президентимиз эътиборидан четда қолмади. Келгуси йилдан бошлаб 15 апрель санаси Маданият ва санъат ходимлари куни сифатида нишонланиши белгилаб қўйилди. Санъаткор ва маданият ходимларига бўлган бундай эътироф, бундай эътибор, албатта, бизга куч, янги-янги ғоялар беради. Соҳага доир қарор, фармонлар ижроси аста-секин ижро этилиб, кино, театр борасида йиллаб ечимини топмай ётган муаммолар яқин йилларда ўз ечимини топади. Зеро, ҳар бир иш ўз-ўзидан бўлмайди. Энди белгиланган вазифалар қоғозда қолиб кетадиган давр эмас.

Пойтахтимизнинг энг сўлим гўшаси — Миллий боғ ҳудудида Адиблар хиёбони барпо бўлди. Бу эзгу, гўзал ишлар замирида бугуннинг ёшлари буюк аждодларимиз, миллат фидойиларининг ҳаёт йўлини ўргансин, уларнинг миллатпарварлигидан ўрнак олсин, юрт учун жонни фидо қилишга-да тайёр бўлишнинг мукофоти қандай бўлишини кўришсин, деган эзгу ниятлар, мақсадлар мужассам. Маърифатпарвар аждодимиз Абдулла Авлонийнинг авлоди сифатида аниқ айтаманки, жадидлар ўз оиласи, ҳаловатидан кечиб, юрт тақдири, келажаги учун қайғуришди. Ўзларининг маблағига мактаблар очиб, ўзлари дарсликлар чоп этишди. Муаллим ҳам ўзлари, театр саҳнасида халқни ўзлигига чорлаган, илм-маърифатга даъват этган ҳам ўзлари бўлди.

Жордано Бруно “ер айланади”, деганда уни ёқишмоқчи бўлишгани ҳақида эшитганмиз. Минг тавба тазарру қилдиришса ҳам “ер барибир айланади”, деган. Авлонийга ҳам “ўлсанг, жаноза ўқимаймиз”, деган тахдидлар бўлса-да, бир умр халқининг хизматини қилди. Келажакнинг ёруғ эртаси, миллат истиқболини жонидан афзал билди. Буюк одамларнинг ёнида буюк аёллар бор, дейишади. Саломат бувим Абдулла бобомга ғоят садоқатли бўлганини 1966 йилда “Саодат” журналига берган маълумотлари ҳам кўрсатиб турибди:

“Ҳозир 80 дан ошганман. Ҳаётимнинг 34 йили шоир Авлоний билан бирга ўтди. У кишининг вафотига, мана, 32 йил бўлди. Лекин дилкаш қиёфалари, хушчақчак табиатлари, ҳаммани лол қолдирувчи ҳазил-мутойибалари кўз олдимда турибди. Мен у кишига 1900 йилда турмушга чиқдим. Орқаворотдан домланинг истеъдоди ҳақида кўп эшитгандим. Ниятлар ушалди, энг яқин кишилари бўлиб қолдим. Инқилобдан илгари серташвиш йилларнинг уқубатларини биргаликда баҳам кўрдик. У киши адабиётнинг шайдоси эдилар. Тунлари столга мук тушганча нималарнидир ёзиб чиқар ва эртасига ёш боладек қувониб, ўртоқларига ўқиб берардилар. Кўпинча стол четига қўйиб кетган овқатим совиб қоларди. Уйимиздан меҳмон аримасди”.

1934 йилгача Авлоний ёзган ҳар бир ҳикоя, шеър, умуман, кичкина қоғозларни ҳам асраб-авайлаб, болахонада сақлаган аёлга миннатдорлик айтаман. Зеро, шундай оқила аёлларимизнинг ҳар бири миллий адабиётимиз бой меросига муносиб ҳисса қўшишган.

Бугун ёшларимиз Адиблар хиёбонидаги маънавият сабоқларида, очиқ осмон остидаги ноанъанавий дарсларда мана шулар ҳақида кенг тушунчага эга бўляпти. Нега 24 нафар адибга ҳайкал ўрнатилиб, бу қадар эъзозланаётганининг моҳиятини англаб етмоқда.

 Ўтган йили Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбирда Президентимизнинг Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлонийга “Буюк хизматлари учун” орденини бериш тўғрисидаги фармонни имзолаганини эшитиб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Бу кунларни ўзлари кўрмаса-да, биз, авлодлар уларнинг номлари, меҳнатлари рўёбга чиққанининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бугунги ёруғ, фаровон кунлар аждодларимизнинг асрий орзу-умидлари эди.

Бугун биз янги Ўзбекистонда чинакамига эркин ва фаровон яшаяпмиз. Агар эътироз этсангиз, айтинг-чи, қайси давлатда пандемия даврида фан-таълим, санъат ва маданият, кино санъатини ривожлантириш ҳақида қарорлар қабул қилиняпти? Қайси юрт бизнинг мақом ва бахшичилигимиздек миллий бойликларини асраб, алоҳида мактаблар очяпти? Яна айтинг-чи, шундай мураккаб вазиятда ҳам қайси юртнинг санъаткору зиёлилари қучоқ очиб халқ ичига киряпти? Ижтимоий, иқтисодий ҳаётда ҳам биздагидек кенг имкониятлар айни пайтда қайси мамлакатларда яратиб бериляпти? Буларнинг бари одамларимиз қалбида шукроналик ҳиссини уйғотаётгани ёлғонми?

Илоҳим, кундан-кунга чирой очиб бораётган мустақил диёримизга кўз тегмасин! Халқимизнинг кўнгли ёшаргани, эртанги кунга умиди ортгани ортида бундан-да буюк ишларга қодир бўлишимиз рост бўлсин!

Гавҳар ЗОКИРОВА,

Ўзбекистон халқ артисти