Эндиликда биноларга ижтимоий талаблар белгилаш, хусусан, шаҳар ичида кўп қаватли иншоот қурилгудек бўлса, унинг турига қараб, мактаб, боғча, маиший хизмат, автотураргоҳ ўрни, кўкаламзорлаштириш майдони каби меъёрлар қўйилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Шаҳар атрофида 130 километрлик яшил камар лойиҳаси амалга оширилади. Яшил йўл ёқаларида парк, кафе, ресторан, маданий объектлар бўлиши кўзда тутилади. Шаҳар ичидаги сув бўйлари ва йўл ёқалари яшил ҳудудга айлантирилади.
Тошкентдаги яшил коридорларда олий таълим муассасаларини, ижтимоий маданий объектлар, спорт иншоотларини жойлаштириш кўзда тутилган. Янги қурилишларда ижтимоий фойдаланиш учун ҳудудлар ажратилади ва бунда яшилликка катта эътибор қаратилади.
Бундан буён ҳар қандай қурилишда қурувчи ташкилотга дарахт экиш мажбурияти юкланади. Бунинг учун алоҳида жадвал ҳам ишлаб чиқилган. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, яшил ҳудудлар бор жойда ҳаво ҳарорати нисбатан мўътадил бўлади. Чанг босилади, шовқин нисбатан тўсилади.
Шунга кўра, яшилликнинг жойлашуви, кенглиги ҳам турларга ажратилади. Шаҳар ичидаги яшил коридорлар фақат дарахтзор эмас, балки, аҳоли фойдаланадиган ҳудуд ҳамдир. Шаҳар атрофидаги яшил камар эса қишлоқ хўжалиги ерларидан ҳам иборат бўлади.
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 7 минг гектар яшил майдонлар қолган. Шу боис Бош режа лойиҳасида бунга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, яшил ҳудудларни 25 минг гектарга етказиш мақсад қилинган.