Бутунжаҳон ижтимоий ҳимоя форуми 2022 йил 24-28 октябрь кунлари давом этади. Мазкур халқаро форум 150 мамлакатдан 1000 дан ортиқ иштирокчилар учун муаммолар ҳақида фикр алмашиш, инновацион ечимлардан фойдаланиш ва ижтимоий таъминот келажаги стратегияларини белгилаш имкониятини тақдим этади.

Маълумот учун: Халқаро ижтимоий таъминот уюшмаси (ХИТУ) аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш бўйича халқаро ташкилотдир. Шу билан бирга, бошқа халқаро ижтимоий ташкилотлар фаолиятида ҳам фаол иштирок этади.

ХИТУ 1927 йилда бутун дунё бўйлаб ижтимоий таъминот институтлари форуми сифатида ташкил этилган ҳамда 160 мамлакатдан 320 га яқин миллий ижтимоий таъминот институтларини бирлаштиради.

ХИТУ ижтимоий соҳада қатор халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаши, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқалар билан ҳамкорлик қилади.

ХИТУ Бош Ассамблеяси аслида ижтимоий соҳадаги энг йирик халқаро ташкилотдир. Унда анъанавий тарзда глобаллашув ва ахборотлаштириш жараёнлари, шунингдек, ижтимоий хизматлар соҳасида тижоратлашув жараёнлари билан боғлиқ дунёда рўй бераётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда миллий ижтимоий тизимларни ривожлантиришнинг энг долзарб муаммолари ва истиқболли йўналишлари муҳокама қилинади.