Бухоро вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси матбуот хизмати айни кунларда Бухоро делегацияси расмий ташриф билан АҚШда бўлиб тургани ҳақида хабар берган эди.

Ташриф якуни билан, бугун, 15 июль куни Бухоро делегацияси аъзолари Нью-Йоркдаги "Mahalla USA community" center" да ўзбек ватандошларимиз билан учрашди.

"Mahalla USA community" center" АҚШда яшаб келаётган ўзбекларга кўмак бериш бўйича хизмат қилади. Қолаверса, ўзбек миллий байрамлари, маросим ва тадбирларида бу ердаги ўзбеклар доимо жам бўлиб туришади.

Маълумки, АҚШда бугунги кунда 300 мингдан ортиқ ватандошларимиз истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти ёшларни ҳам ташкил қилади.

Нью-Йоркдаги "Mahalla USA community center",  ёш ўзбек юртдошларимизнинг ўз миллий қадриятлари ва анъаналарини ёдда тутиши, ўзбек диаспораси учун ватаннинг бир бўлаги сифатида хизмат қилади. Қолаверса, бу ерда, ўзбек санъати, мусиқа , рақс , шеърият рассомчиликни ёшларимизга ўргатиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.

АҚШнинг 13 та штатида ўзбек диаспораларини бирлаштирган бу каби маҳаллалар мавжуд. Нью-Йоркнинг Бруклинидаги Mahalla USA community center уларнинг асосий маҳалласи ҳисобланар экан.

"Туризм фидойиси" кўкрак нишони соҳиби, ўзбекистонлик ватандошларимизни Нью-Йоркда бирлаштирган Mahalla USA community center президенти Абдумалик Ахмедов.

Учрашув давомида Бухоро делегацияси Бухоронинг туристик потенциали тақдимотини ҳам ўтказди. Маълум бўлишича, Нью-Йоркда истиқомат қилувчи ўзбекларнинг аксарияти Бухородаги Етти Пир зиёратгоҳларида бўлмаган, зиёратгоҳлардаги шарт-шароитлар ва зиёрат амаллари билан таниш эмас. Қолаверса, Хива ва Самарқанд шаҳарларини ҳам кўрмаган ўзбек ватандошларимиз талайгина экан. 

"Сафаримиз чоғида АҚШдаги ўзбек диаспораси билан учрашишни ҳам ўзимизга мақсад қилиб қўйган эдик. Бугунги кунда Ўзбекистонда туризм соҳаси иқтисодиётимизнинг янада ривожланиши учун асосий драйвер соҳалардан бири бўлгани ҳеч кимга сир эмас. 

Ҳар бир бу ердаги ватандошимиз битта америкаликка Ўзбекистонни тарғиб қилса, Ўзбекистон туризм соҳасига катта ҳисса қўшган ва ўз юртининг иқтисодий кўрсаткичларини янада кўтаришга кўмаклашган бўлади.

Биз бу ердаги барча ватандошларимизни Ўзбекистонга таклиф қиламиз ва учрашувимиз самараси, бир гуруҳ америкалик ватандошларимизнинг, жорий йилнинг август ойида Бухорога, Етти Пирдаги муқаддас қадамжоларимизни зиёрат қилишга ташриф буюришлари бўлди.

Бу ҳам бир кичик ютуғимиз, десам муболаға бўлмайди",- деди Бухоро вилоят Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сухроб Бобокалонов, "Америка овози" га берган интервьюсида.