2021 йил 29 апрелдаги “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда май ойида Бухоро шаҳрида Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ўтказилиши белгиланган эди. Ушбу тадбир халқ амалий санъатининг зардўзлик ва заргарлик анъаналарини ривожлантириш, уларнинг ноёб намуналарини тарғиб этиш ҳамда минтақанинг туризм салоҳиятини оширишни назарда тутади.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 8 октябрда қабул қилинган “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида фестиваль доирасида илмий-амалий конференция, кўрик-танлов, тақдимот ва кўргазмалар, театрлаштирилган концерт-томоша дастурлари, маданий-маърифий, шунингдек, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширишнинг аниқ йўналишлари ўз ифодасини топди.

Фестиваль доирасида истеъдодли ҳунармандларни аниқлаш, уларни маънавий ҳамда моддий рағбатлантириш, ҳудудларда мазкур соҳани жадал ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, ёшларга ўргатиш, янги иш ўринлари яратиш, зардўзлик ва заргарлик намуналарини миллий бренд сифатида халқаро миқёсга олиб чиқиш, сайёҳларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, ҳар бир ҳудуд тарихи, ҳаёт тарзи, ҳунармандчилик мактаби анъаналарини акс эттирувчи ҳунармандлар шаҳарчалари макетлари, уй-рўзғор буюмлари, ҳунарманд-дизайнерлар яратган маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш, халқ сайиллари, фольклор ва дорбозлик жамоалари, аскиячи ва қизиқчиларнинг театрлашган томошалари, санъат вакилларининг концерт дастурларини ҳамда уста-ҳунармандлар томонидан маҳорат дарслари, рассомлар хиёбони, экскурсия йўналишлари ташкил этилади.

Ҳужжат билан Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом, уни ўтказиш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.
Фестиваль  2022 йил 21—25 май кунлари ва унинг доирасида “Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилади. Тошкент шаҳрида хорижий мамлакатларнинг заргарлик тармоғи вакиллари, хорижий инвесторлар, экспертлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда “Uzbek Jewellery Fair” заргарлик саноатининг замонавий асбоб-ускуналари, технологиялари ва буюмларининг йиллик халқаро кўргазма-савдоси уюштирилади.

                                                                           Рауф Нуруллаев