Қадимда юртимизда бу санъат бениҳоя тараққий этган. Масалан, Бухоро хаттотлик мактабининг Мирали Ҳиравий (вафоти 1557 йил), Мир Убайд Бухорий (вафоти 1601 йил), Мир Ҳусайн Кўланкий Бухорий (ХVI аср) каби йирик вакиллари бўлган. Хоразм, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактабларида ҳам ўз ишининг устаси саналган кўплаб зиёлилар етишиб чиққан.
Хаттотлик санъатидан меъморчилик ва халқ амалий санъатида ҳам кенг фойдаланилган. Юртимизда азалдан меъморий иншоотлар – масжидлар, мадрасалар ва мақбараларнинг ташқи ва ички деворлари, пештоқлари турли нақшлар билан биргаликда хаттотлик услубларида ёзилган битиклар – Қуръони карим оятлари, ҳадислар, ҳикматли сўзлар ва шеърий парчалар билан безатилган.
Бугунги кунда хаттотлик мактаблари қайта тикланиб, бу санъат тури янада ривожланмоқда. Бухоро шаҳрида янги ташкил этилган "Ал-Манар" араб тили ва хаттотлик маркази бунга бир мисол.
"Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги" доирасида мазкур марказнинг очилиш маросими ўтказилди. Унда Бухоро вилоят ва шаҳар ҳокимлари, Бухоро хаттотлик мактаби вакиллари, дин уламолари, тасаввуфшунос олимлар иштирок этди.
Шунингдек Абу Дабидаги Тоба муассасаси раиси Ал-Ҳабиб Али ал-Жаъфарий, “Ал Надwа” Ислом маданияти ва фани ассоциацияси раҳбари Билол Ал Будур, Корея мусулмонлар федерацияси президенти Ким Донг Ёк, “Halal Italy Development” президенти, “Ҳалол” фан ва технологиялари институти директори Карим Кристиан Бенвенуто каби жами 50 дан ортиқ хорижлик меҳмонлар марказ фаолияти билан танишдилар.