Сессия ишида шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимида фаолият юритиб келаётган Ўткир Жумаев номзоди шаҳар ҳокими лавозимига маъқулланди.

Маълумот учун, Ўткир Жумаев 1975 йилда Бухоро вилояти Ромитан туманида туғилган. 1997 йил Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини, 2011 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1997 йилда «Бухоросувқурилиш» акционерлик жамиятининг 37-сон кўчма механизациялашган колоннаси ишлаб чиқариш бўлими муҳандислигидан бошлаган Ўткир Жумаев «Бухороавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш давлат корхонаси директори (2009–2010), «Бухороавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш давлат ташкилоти директори (2011–2012), «КНАУФ ГИПС БУХОРО» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона ўқув маркази бошлиғи (2012–2015), «КНАУФ ГИПС БУХОРО» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона директорининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари (2015–2019) лавозимларида ишлаган.