Дастлабки манзил “Работак” МФЙ да ташкил қилинган 47,2 гектарлик замонавий иссиқхона бўлди.

Йилнинг тўрт фаслида пешма-пеш бодринг, помидор, кўкат ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилаётган хўжаликда зарур меҳнат шароитни яратиш, коммунал қулайликлар, жумладан, электр энергияси, табиий газ таъминотини барқарор изга солиш жуда муҳим.

Шунингдек, ҳудудда сизот сувлари кўтарилганлиги, бундай ҳолат экинларга салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш юзасидан тегишли ташкилотлар билан амалий ва аниқ чора-тадбир белгиланди. Иссиқхона меҳнат жамоасининг моддий манфаатдорлиги, ишга қабул қилиш, ишчилар сафини кенгайтириш, ойлик маош масаласи алоҳида ўрганилди.

Шундан сўнг, туман мутасаддилари “Работиқалмоқ” МФЙ да қурилаётган “Textile Place” МЧЖ фаолияти билан танишдилар. Мазкур корхона асосан ёғ-мой ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, лойиҳа қиймати 37,5 миллиард сўмни ташкил қилади. Лойиҳани ишга тушириш муддати 2021 йилга мўлжалланган.

Ҳозирда 3,3 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағи молиялаштирилиб, зарурий технология ва асбоб-ускуналар чет элдан олиб келинган ва уларни ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Эътиборлиси, мазкур лойиҳа амалиёти туфайли 110 та янги иш ўрни яратилмоқда.

Бухоро тумани ҳокимлиги ахборот хизмати