БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманларидаги аҳоли хонадонларига жами 20 та мотокультиватор берилди.

Тадбир “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида ердан янада самарали фойдаланиш ва юқори даромад олиш учун қишлоқ ҳудудларидаги уй хўжаликларини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.

— Топширилган жиҳоз ва ускуналар томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашади, бу эса ўз навбатида уларнинг эгаларини иш билан таъминлаш ва даромадларини ошириш имконини беради. Бу лойиҳанинг мақсад ва вазифаларига мос келади, — дейди лойиҳанинг миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уларга бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари — Қашқадарё вилоятидаги аҳоли хонадонларига 20 та сув насоси ва 10 та қўл пуркагич, Бухоро вилоятидаги хонадонларга 10 та моторли бурғулаш ускунаси, 10 та қўл пуркагич ва 10 та сув насоси топширилган эди.

Бундан ташқари, CACILM-2 лойиҳаси доирасида Бухоро чўл яйлов ўсимликлари уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази энг замонавий лаборатория жиҳозлари, жумладан, лаборатория тарозилари, анемометр, бурғулаш ускунаси, рефрактометр, шунингдек, мотокультиватор ва кичик ўт ўргич машинаси билан таъминланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш мақсадида илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳам лойиҳа миссиясига тўлиқ мос келади.