Ёшларни китобга қизиқтириш орқали бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида жорий йилнинг январь ойидан буён 4 та китоб, 4 та шеър ўқитиш ғояси асосида маҳалла-туман-вилоят босқичидан иборат “Бухоро вилояти 2-сектори жавоҳири” танлови ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, Бухоро вилоятида апрель ойида ҳам китобхонлик танлови давом эттирилди ҳамда маҳалла ва туман (шаҳар) босқичлари якунланди. “Нодир девонбеги” мадрасасида театр, қувноқлар ва зукколар чиқишлари, шунингдек, республика ва вилоят таниқли санъаткорлари иштирокида гала концерт шаклида вилоят босқичи ўтказилди.
Энг қувонарлиси, февраль ойида 2000 нафар, март ойида 6200 нафар, апрель ойида эса 7130 нафар ёшлар танловда қатнашиш ихтиёрини билдирди.
Танловнинг тақдирлаш маросимида вилоят прокурори томонидан 1-ўринни забт этган иштирокчиларга ноутбук, 2-ўринни олганларга замонавий “Samsung” русумли планшет ҳамда 3-ўринни эгаллаган қатнашчиларга “Samsung” А11 русумли телефонлари, шунингдек, барча қатнашчиларга китоб ва бошқа эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир давомида вилоят марказий банки ва тижорат банклари томонидан бир қатор ёшларга, жумладан 52 нафар “Ёшлар дафтари”даги ўғил-қизларга имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 460 нафар ёшларга сертификатлар тақдим қилинди.
Бундан ташқари, ўтказилган бандлик ярмаркаси давомида 47 нафар ёшлар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди.