Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2018 йил 7 августдаги 631-сонли ҳамда 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 433-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири A.Aбдуҳакимовнинг тегишли буйруғи билан қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Лола Закирлаева бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятининг туман-маҳаллаларида жойига чиққан ҳолда, ўрганиш ва оилавий меҳмон уйи ташкил этиш истагини билдирган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларини олиб бориш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қийнаётган муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича Ғиждувон туманида ташкил этилаётган “Қўрғон” туризм маҳалласи ва унинг атрофидаги “Чорсу” ва “A.Ғиждувоний” маҳаллалари аҳолиси билан учрашувлар ўтказилди.
Ишчи гуруҳ асосан Бухоро вилоятидаги туристик салоҳияти юқори бўлган маҳаллаларда жойлашган меҳмон уйларига эътибор қаратди. У ердаги шарт-шароитлар ва мавжуд муаммолар билан танишди ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этди. Унда оилавий меҳмон уйларини очиш тартиби, тегишли ҳужжатларни тақдим этиш борасидаги саволларга Туризм ва спорт вазирлиги мутасаддилари томонидан жавоб берилди.
Шунингдек, мазкур учрашувларда оилавий меҳмон уйлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича белгиланган талаблар ва яратилган имтиёзларни кенг тушунтириш билан бирга тадбиркорлик субъектлари фаолиятини амалга оширишда тўсқинлик қилаётган масалалар ва уларнинг ечимлари бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.
Таъкидлаш лозимки, оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш ва уларни оилавий меҳмон уйлари сифатида мослаштириш, реестрга киритиш ишларига доир тарғибот ишлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом эттирилмоқда.