Ҳолат Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида рейд тадбири олиб борилаётган вақтда юз берган. Унда туман Экология бўлим бошлиғи, инспектор Мирали Ҳожиев хизмат вақтида яралангани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, инспектор Қоровулбозор ҳудудида ноқонуний ов қилинаётганидан хабар топган. Ҳолатга чек қўйиш мақсадида воқеа жойига борганида эса браконер томонидан ўқ узилиши натижасида қўлидан яраланган. Браконер воқеа жойидан яширинган.

Инспекторга тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Aйни дамда унинг аҳволи яхши. Текшириш давомида ов қилиш мақсадида келган ва ушбу қилмишни содир этган шахслар аниқланди. Улардан 2 дона ов қуроллари холислар иштирокида олиб қўйилди.

Қоровулбозор тумани экология бошлиғи олган тан жароҳатлари юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланди. Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.