Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Aъзамов, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Масъуллар сўнгги йилларда туризм соҳасини ривожлантириш натижасида мамлакатимизга хусусан, Бухорога келаётган сайёҳлар ва зиёратчилар сони йилдан-йилга кескин кўпайиб бораётганини мамнуният билан таъкидлашди.
Биргина 2019 йилда вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар сони 3,6 миллион нафар, хорижий туристлар сони 600 минг нафардан ортиб, аввалги йилларга нисбатан 2,5-3 бараварга кўпайган.
Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳининг рўпарасида қад ростлаган “Poykent Bukhara” шу номли меҳмонхоналар тармоғининг 4-меҳмонхонаси ҳисобланади. Бугунги кунга қадар “Poykent Bukhara” меҳмонхоналар тармоғининг Хожа Aнжир Фағнавий, Хожа Ориф Ревгарий, Саййид Мир Кулол муқаддас қадамжолари қошида меҳмонхоналари фаолият олиб бораётган эди. Ҳам миллийлик, ҳам замонавий элементларни ўзида уйғунлаштирган ушбу меҳмонхонада эндиликда сайёҳлар учун қўшимча 104 та хона ва 250 ўрин яратилган. Шунинг баробарида 50 дан ортиқ йигит-қиз муқим иш билан таъминланди.
Бухоро шаҳридаги “Garden Plaza" меҳмонхонасининг очилиш маросимида иштирокчилар томонидан давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукуматимиз томонидан туризм соҳасидаги инвесторларга янги қурилган 3 юлдузли тоифага ва 50 хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхонанинг ҳар бир хонасига 40 млн сўм ҳамда 4 юлдузли тоифага ва 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхонанинг ҳар бир хонасига 65 млн сўмдан субсидия ажратилиши тадбиркорлар учун имкониятлар эшигини очиб бераётгани қайд этилди.
“Garden Plaza” меҳмонхонасида ётоқ хизматидан ташқари 300 кишига мўлжалланган 2 та замонавий ресторан, 60 кишига мўлжалланган очиқ ҳаводаги ресторан, сузиш ҳавзаси, сауна, конференция ва музокаралар зали, биллиард, стол тенниси, фитнес зали хизматларининг ҳам йўлга қўйилганлиги вилоятга ташриф буюрган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратиши билан аҳамиятлидир. Лойиҳа қиймати 25 миллиард сўмга тенг меҳмонхона очилиши натижасида сайёҳлар учун қўшимча 72 та хона 150 та ўрин, шунингдек, 50 нафар туризм соҳаси мутахассиси учун янги иш ўрни яратилди.
Маълумот учун, айни пайтгача, вилоятда катта-кичик ҳажмдаги 413 меҳмонхона негизида 10 минг 63 нафар меҳмонни қабул қилиш қуввати яратилган. Мисол учун, 2020-2021 йилларда жами 2 минг 646 нафар меҳмон қабул қилиш имконига эга бўлган 110 янги меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари қуриб битказилди, бу соҳада 700 мингга яқин муқим иш ўринлари яратилган.