Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори “Йўл харитаси”га биноан «Учинчи Ренессанс — ёшлар нигоҳида» мавзусида, олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида илмий-изланиш олиб бораётган ёш манбашунос олимлар, тадқиқотчи ва магистрлар ўртасида танловлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Бу борадаги амалий саъй-ҳаракат юртимизда катта уюшқоқлик билан бошлаб юборилди. Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Республика Туризм ва спорт, Ташқи ишлар ҳамда Маданият вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ислом каллиграфияси ва наққошлик” танлови ҳам шулар жумласидан.
Диний идоралар уламолари, соҳа мутасаддилари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари профессор ўқитувчилари ва талабалар, санъатшунослар, хаттотлар ва наққошлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган маърифий тадбирда “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” илмий концепциясининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларимизга етказиш, ҳаттотлик, муқовасозлик, наққошлик, миниатюра санъатини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, аждодлардан қолган бой илмий меросни авлодларга етказиб беришда устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш хусусида сўз борди.
Илмий-маърифий ва маданий тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва бошқалар сўзга чиқиб ҳайъат ва барча иштирокчиларни самимий қутлаб уларнинг фаолиятига муваффақият тиладилар.
Ёш иқтидор эгалари қизиқиш билдирган танлов хаттотлик, наққошлик ва миниатюра санъати йўналишларида ташкил қилинган бўлиб, унинг аввалида муқаддас даргоҳга ташриф буюрганлар нодир қўлёзма асарлар, хаттотлик, наққошлик ва миниатюра санъатига доир намуналардан баҳраманд бўлдилар. Муқаддас китобдан табаррук калималарни ўз қўллари билан қоғозга туширдилар. Наққошлик йўналишида иштирокчилар эркин ижод қилишди. Миниатюра йўналишида эса қатнашувчилар бир соат вақт мобайнида ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари сюжетлари асосида миниатюра намуналарига сайқал бердилар.
Маърифий тадбир доирасида муқовасозлик бўйича маҳорат дарслари ҳам ташкил қилинди. Моҳир муқовасозлар Шуҳрат Пўлатов, Ғуломжон Холбоевлар томонидан ўтказилган маҳорат дарслари қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Танлов ҳолиблари ташкилотчилар томонидан сертификат, пул мукофоти ва эсдалик совғалар билан тақдирланди, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.