Вилоятда 544 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, уларда 610 та сайлов участкаси ташкил этилган.
Жорий йилнинг 4-9 октябр кунлари вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан мазкур сайлов участкаларида сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар, округ ва участка сайлов комиссияларининг фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари билан ўзаро муносабатлари, кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига доир ўқув-семинар ташкил этилди. Унда сайловларни кузатиш бўйича фуқаролар йиғинларидан 610 нафар кузатувчи иштирок этди.
Семинарда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти кичик илмий ходими Фурқат Содиқов иштирок этиб, юртимизда юз бериши кутилаётган муҳим сиёсий жараён аҳамияти, сайловни муносиб ўтказиш борасида йиғилганларга семинар-тренинг ўтказди.
Жойларда ташкил этилган ўқув ва семинарларда кузатувчиларга, шунингдек, сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари кузатувчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловларда овоз бериш қоидалари юзасидан тайёрланган тарқатма материал (слайд, қўлланма)лар тақдим қилинди, савол-жавоблар ўтказилди.