Юртимиз, хусусан, Бухоро деҳқончилиги, унинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган полизчилиги узоқ тарихга эга. Сўнгги йилларда полизчилик ҳам янада ривож топмоқда.
“Қовун сайли” эса деҳқонлар эришаётган ютуқларнинг ўзига хос тақдимотига айланди. Жорий деҳқончилик мавсуми пандемия оқибатида эълон қилинган карантин чекловлари даврига тўғри келди. Шунга қарамай, вилоят марказининг “Фавворалар майдони”да ҳар йили ўтказиладиган “Қовун сайли” бу йил Бухоро шаҳрининг 11 та ҳудудида ўтказилиши белгиланди.
1996 йилдан буён ташкил этиб келинаётган “Қовун сайли”да “Кўкча”, “Амири”, “Новвоти”, “Бўрикалла”, “Кампирчопон”, “Даҳбеди”, “Шерози”, “Тошлоқи”, “Гулоби”, “Баргинай” каби ўттизга яқин нав тақдим этилмоқда.
Дастлабки кунда вилоятнинг барча туманлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда 197 та фермер хўжалиги томонидан танти деҳқонларнинг меҳнати маҳсули — 1217 тонна қовун-тарвуз шаҳарликлар дастурхонига тортиқ қилинди. Бундан ташқари, турли мева-сабзавотлар, асалчилик маҳсулотлари савдоси ҳам ташкил этилди.
— “Қовун сайли” мўл-кўлчилик байрами, – дейди харидорлардан бири. – Сероблик бўлса, нарх арзон бўлади. Бу ерда қовунни бозордагидан анча пастроқ нархда оласиз. Қолаверса, деҳқонларимиз узум, шафтоли ва бошқа ноз-неъматларни ҳам таклиф этишяпти. Саховатли миришкорларнинг қўллари дард кўрмасин.