Таъкидланганидек, 2021 йил сентябрь ойида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган саммитида ушбу нуфузли ташкилотга 2021-2022 йилларда раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши тўғрисида қарор қабул қилинган эди. Унда Президентимиз мамлакатимизнинг ШҲТдаги раислигидаги устувор вазифаларини баён қилган. Булар – ШҲТ нинг нуфузи ва салоҳиятини янада ошириш, ички минтақавий савдони ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш ва бу борада ҳамкорликни назарда тутувчи марказларни тузиш, мазкур халқаро ташкилотнинг транспорт боғлиқлиги стратегиясини қабул қилиш, ШҲТ маконида инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш, камбағалликни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш, ташкилотнинг халқаро ахборот хавфсизлиги бўйича экспертлар форумини таъсис қилиш, ШҲТ нинг Эзгу ният элчиси институтини жорий қилиш, туризм соҳасида ҳукуматлараро битимни ишлаб чиқиш, юқумли касалликларга қарши курашишни назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни қабул қилиш каби устувор вазифалардир.
Бу борада мамлакатимиз раислиги даврида давлатимиз раҳбари томонидан эътироф қилинган долзарб аҳамиятга эга шартларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлар билан биргаликда 80 дан ортиқ тадбир ўтказиш кўзда тутилган.Бухорода ташкиллаштирилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг (ШҲТ МКК) навбатдаги йиғилиши ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Муҳокамада Ўзбекистоннинг ШҲТ га раислигидаги асосий тадбирлар жадвали, шунингдек, мамлакат ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Нуфузли тадбирда иштирок этган вилояти ҳокими Ботир Зарипов йиғилиш қатнашчиларини Бухоронинг тарихий ва сайёҳлик салоҳияти билан таништирди. Уч минг йиллик бой маданий меросига эга қадимий Бухоро Ислом оламининг етти муқаддас шаҳарларидан бири эканлиги эътироф этилди. Мустақил давлатлар ҳамдўстлигидаги нодир сайёҳлик масканларидан бири сифатида ўтган йили Бухорога ташриф буюрган сайёҳлар сони 2 миллион 300 минг кишига, шундан, чет эллик сайёҳ сони 50 минг кишига ошгани айтилди. Эътиборлиси, бу кўрсаткич тез суръатда ўсиб бормоқда. Сўнгги бир неча йил ичида сайёҳлар оқимининг ўсиши йилига ўртача 80 фоизни ташкил этмоқда.
Ўз навбатида, вилоят иқтисодий салоҳияти, хусусан, хорижий инвестиция иштирокидаги узвий ҳамкорликка эътибор қаратилди. Ислоҳотларнинг ёрқин самараси сифатида ҳудудда хорижий бизнес вакиллари учун кенг ишбилармонлик муҳити яратилгани, ҳозирда вилоятда хорижий инвесторлар иштирокидаги 360 дан ортиқ корхона фаолият юритаётгани қайд этилди. Қишлоқ хўжалиги тармоқлари билан бирга, ҳудудда пахтани қайта ишлаш, енгил саноат ва тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, нефт ва газ тармоқлари барқарор ривожланаётгани таъкидланди.
Учрашувда ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғилишига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, ШҲТ миллий координаторлари кенгашининг бундан олдинги йиғилиши шу йил 26-28 январь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган эди.Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар миллий координаторлари кенгашининг йиғилиши иштирокчилари қадим Бухорога ташриф давомида диққатга сазовор кўп асрлик меъморий обидалар – “Пойи калон” мажмуаси, “Сомонийлар” мақбараси, “Арк” қўрғони, “Лаби ҳовуз” мажмуи, “Тоқи заргарон”, “Тоқи телпакфурушон”, “Тоқи саррафон” каби кўҳна савдо расталарига саёҳат қилдилар.
Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати