Ҳафталик ўтказилиши муносабати билан Бухоро вилоят ҳокимлиги  ва театр ижодий жамоаси ҳамкорлигида   “Чора –тадбирлар режаси” ишлаб чиқилиб,  барча маданий тадбирлар  шу асосда ташкил этиляпти.

Ҳафталикнинг биринчи куни, 22 мартда театр  режиссёри, ”Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Бўрон Акобиров томонидан саҳналаштирилган Ў.Ҳошимовнинг “Тўйлар муборак” асари асосида  “Уйланмасам ўламан” комедияси  намойиш этилди.  

23 март куни эса таниқли ёзувчи Шойим Бўтаевнинг “Хотира боғи” асари саҳнага қўйилди. Бу спектакль Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Мўминова томонидан саҳналаштирилди.

24 март куни  Усмон Қўчқор  асари асосида режиссёр Нодира Мўминова  саҳналаштирган “Имом ал Бухорий” спектакли томошабинларда каттта таассурот қолдирди.     

25-март куни А.П.Чеховнинг” Айиқ” ҳазил асари (режиссёр Ўзбекистон халқ артисти У.Бақоев) намойиш этилди. Намойишдан сўнг театр режиссёри,  Ўзбекистон халқ артисти, ”Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Убайдулло Омон ва театр ижодий жамоасининг томошабинлар билан  учрашуви ўтказилди.

Рус классик адабиётининг машҳур вакилларидан бири А.П.Чеховнинг “Айиқ” пъесаси 1888 йилда ёзилган бўлиб, асарда 3 нафар қаҳрамон иштирок этади.

26 март куни А.Авлонийнинг “Адвокатлик осонму?” сатирик комедияси (режиссёр Ғафур Мардонов) намойиш этилиши режалаштирилган.

 27 март куни эса озарбайжон адиби Ҳусайн Жовуднинг “ Шайх Санъон қиссаси” асари асосида саҳналаштирилган “Сегоҳ” мусиқали драмаси (режиссёр Сайфиддин Мелиев) намойиш этилади. 

 — Давлатимиз раҳбари  томонидан  театр ва маданият соҳасини ҳар томонлама ривожлантиришга берилаётган юксак эътибордан мамнунмиз, -дейди  театр  директори Гулнора Ҳусенова. —  Театрларимизнинг халқаро нуфузини ошириш, ибратли асарлар билан  халқ орасига дадил кириб бориш, мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотларда театр арбобларининг  фаол иштирокини таъминлаш, бадиий баркамол саҳна асарларини яратиш бугунги кунда  театр соҳаси вакиллари олдида турган  муҳим  вазифадир.   

                                           Моҳигул Назарова,

                          Бухоро вилоят мусиқали драма театри

                                      адабий бўлим мудири