Давлатимиз раҳбари “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бугунги кунда туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудирларининг тизимдаги ўрни сезилмаётганлигини танқид қилиб, бу борада истиқболдаги аниқ вазифаларни белгилаб берган эди. Чунончи, уларга “Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони билан ҳокимнинг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳамда бир қатор ваколатлар берилди.

Бугун, 17 ноябрь куни вилоят халқ таълими бошқармаси тизимидаги шаҳар ва туманлар Халқ таълими бўлимлари мудирларига “NEXIA-3” русумли замонавий хизмат автомашиналари топширилгани ҳам юқоридаги Фармон туфайлидир.

Бухоро шаҳар ҳокимлиги олдида бўлиб ўтган тақдимотда сўз олган вилоят ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий–маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мирали Ҳамроев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Мактаб масаласи - келажак масаласи, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласи, мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди, мамлакат тақдири муаллимлар қўлида”, деган эътирофини алоҳида таъкидлаб, бу соҳа ходимларига билдирилган улкан шараф, айни пайтда чексиз масъулият эканлигини қайд этди.  

Шундан сўнг рағбат ва эътибор ифодаси сифатида Бухоро шаҳри ва вилоятдаги барча туманлар халқ таълими бўлимларига автомашиналар калитлари тантанали равишда топширилди.

— Туманимиздаги 8 та умумтаълим мактабини бу йил 250 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг 105 нафари ўзлари танлаган олий таълим даргоҳига ўқишга кирди ва бу борада вилоят рейтингида етакчилар сафига қўшилдик, - дейди Қоровулбозор тумани Халқ таълими бўлими мудири Дилдора Раҳматова.

— Ҳозирда эса умумтаълим мактабларимизда таҳсил олаётган 4 минг 92 нафар ўғил-қизга талаб даражасида таълим бериш учун бор куч ва имкониятни ишга солмоқдамиз. Бизга берилган янги хизмат автомашинаси ҳам шу йўлда бир рағбат, эътироф деб қабул қилдик.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати