Кўҳна Бухорода 2022 йилдан бошлаб Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ҳар 2 йилда бир марта ўтказиш йўлга қўйилади. Бу борада 2021 йил апрелда ушбу фестивалга оид Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ҳамда 2021 йил октябрда Вазирлар Маҳкамаси қарори имзоланди.
Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали келгуси йилнинг 21-25 май кунларида ўтказилиши режалаштирилган.
Бухорода фестиваль доирасида «Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъати тараққиёти» мавзусидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида заргарлик саноатининг хорижий мамлакатлардаги вакиллари, чет эллик инвесторлар ҳамда эксперт ва мутахассислар иштирокидаги ҳар йили ўтказиладиган «Ўзбек заргарлик ярмаркаси» халқаро кўргазмаси ва замонавий ускуналар, технологиялар ва заргарлик маҳсулотлари сотувида иштирок этиш мумкин бўлади.
Халқаро фестиваль давомида турли томошалар, тақдимотлар, кўргазмалар, мусиқали театр концертлари ва кўнгилочар дастурлар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Фестивалнинг мақсади:
- зардўзлик ва заргарлик йўналишларида фаолият олиб борадиган ва унинг истиқболига салмоқли ҳисса қўшаётган тажрибали ва иқтидорли ҳунармандларни кашф қилиш, улар тақдим этган нодир ва йўқолиб бораётган санъат асарларини асраб-авайлаш ва тиклаш;
- зардўзлик ва заргарлик санъатини қисқа фурсатда тараққий эттириш, энг зўр амалий дастурларни тарғиб қилиш, ёш авлодга ушбу ҳунарни ўргатган ҳолда вилоятларда янги иш ўринларини яратиш;
- маҳаллий зардўзлик ва заргарликнинг энг сифатли намуналарини рағбатлантириб, халқаро миқёсда «миллий бренд» даражасига олиб чиқиш, халқимизнинг миллий маданиятини анъаналарга содиқ қолган ҳолда сайёҳларга гўзал тарзда намойиш этиш;
- зардўзлик ва заргарлик буюмларининг кенг кўламли тақдимотларини олиб бориш, ҳар бир вилоятдаги ҳунармандчилик қишлоқларининг у ердаги ҳунарманд мактаблари тарихи, ҳаёт тарзи ва анъаналарини акс эттирган моделлари кўргазмасини ўтказиш;
- халқ фестивалларини, фольклор ансамблларининг театр томошаларини ва дорбозлар гуруҳи ўйинларини, аскиячи ва кулги усталарининг ҳазиллари, санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурлари, иқтидорли ҳунармандлардан малакавий кўникмалар олиш, ҳунармандлар кўчалари, диққатга сазовор жойларда экскурсиялар ташкил этиш.
Фестивални ташкил этиш Бухоро вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, «Ҳунарманд» Республика ассоциацияси ва «Узбекзаргарсаноат» ташкилотларига топширилди, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.