Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига асосан, Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомнигидан 175 бош Туркман қулонларини “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ва Сайгачий” мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонасига кўчириш ва мазкур ноёб ҳайвонларнинг тарихий ареаллари бўлган ҳудудларда уларнинг бош сонини тиклаш топшириғи белгиланган эди.
“Жайрон” питомнигида кўпайтирилаётган турларнинг популяциясини сақлаб қолиш мақсадида Давлат экология қўмитаси томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қошидаги “Мўйноқ келажак бунёдкорлари” ташкилоти билан шартнома имзоланди. Фанлар академияси тавсиясига асосан жами 13 бош Туркман қулонини Қорақалпоғистон Республикасидаги “Сайгачий” мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонасининг Жийдали бўлимига кўчириш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, яна 162 бош Туркман қулонларини буюртма қўриқхона ва “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғига кўчириш режалаштирилган.