Халқаро ўрганиш ҳайъати аъзолари Бухоро шаҳри ҳунармандчилигининг қадимий илдизларини ҳамда унинг ҳозирги кундаги ривожини таҳлил қилиб, Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри рўйхатига қўшиш ҳақидаги хулосаларини беради.
Саад-ал Каддуми ҳамда профессор Али Ша Алнажадаха бугун вилоят ҳокимлигида бўлиб, вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашди.
Бухоронинг "Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри" рўйхатига киритилиши эса бухоролик халқ амалий санъати усталарининг ўз маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишлари, айирбошлашлари учун ҳам кенг имконият яратади. Қолаверса, бу мақом сайёҳлар оқимининг кўпайишига, туризмнинг янада равнақ топишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Самимий ва дўстона қабул учун чуқур миннатдорлигини изҳор қилган Саад-ал Каддуми чиндан ўзини қадимий ва бой маданий меросига эга эртакнамо шаҳарга тушиб қолгандай ҳис этаётгани, бу кўҳна шаҳарнинг меъморий ечимга эга обидалари, улардаги ҳунармандлар фаолияти, хусусан, қадимий Арк қўрғони, бу ерда сақланаётган осори- атиқалар катта тассурот қолдирганини билдирди.
Шунинг баробарида, халқ амалий санъати усталари иши, кандакорлик намуналари, ранго-ранг нақшли санъат асарлари, “Bukhara silk carpets handame” ҳунармандчилик марказида яратилаётган турли ўлчамдаги, ипакдай майин ва турфа бежирим гиламлар, таниқли зардўз Бахшулла Жумаев уй-музейи ва унда бой ассортиментдаги қўл меҳнати намуналари, умуман, ҳунармандларнинг иш жараёни, уларга яратилган шароитдан ҳайратда эканлигини, кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро юқори эътирофларга лойиқлигини таъкидлади.
Айтиш жоиз, Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳри рўйхати 2014 йилдан буён шакллантирила бошланган бўлиб, ҳозирда бу рўйхатга дунёнинг 30 та шаҳри киритилган. Улар орасида Қўқон шаҳри ҳам бор.