Сўнгги йиллардаги туризм соҳаси иқтисодиётимизга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бирига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, кўҳна ва боқий Бухоро бу соҳада етакчи қаторларда бўлишга улгурди. Кўҳна кент йилдан-йилга хорижий ва маҳаллий сайёҳларни ўзига жалб этиб, хизматлар соҳасида ноодатий ёндашиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2022 йил 7 июнь куни “Хизматлар кўрсатишни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини ошириш чора-тадбирлари”га бағишланган видеоселектор йиғилишида хорижий ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатишда террасалардан кенг фойдаланиш бўйича, Бухоро тажрибасини 28 та шаҳар, барча туман марказлари ҳамда пойтахт туманларида жорий қилишни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Бугунги кунда, Бухоро шаҳридаги 28 та меҳмонхона ва рестораннинг том қисмида очиқ террасага эга 2420 кишини қабул қилишга мўлжалланган овқатланиш шахобчалари ташкил қилинган.
Бу янгича йўналишга маҳаллий ва хорижий сайёҳлар бирдек юқори қизиқиш билдирмоқда. Бундан ташқари, Бухоро шаҳридаги 2022 йил якунига қадар янги қурилаётган 11 та лойиҳаларнинг том қисмида умумий овқатланиш учун мўлжалланган 1250 ўринли миллий ҳамда европача очиқ терраса ташкил этилиши режалаштирилган. Бухоро вилоят туризм ва маданий мероос бош бошқармаси масъул ходимлари томонидан мазкур лойиҳалар доимий мониторинг қилиниб, тадбиркирларга зарурий тавсия ва кўмак бериб келинмоқда.
Бу каби террасаларни барча вилоятларда жорий қилиш келгусида ҳудуд иқтисодиёти, тадбиркорлик ривожи ва туризм соҳасининг фаровонлигига хизмат қилади, сайёҳларга очиқ осмон остидаги тарихий шаҳарларимизни томоша қилиб миллий таомларимиздан баҳраманд бўлиб, ҳордиқ чиқариш имконини яратади.