Роппа-роса бир йил бурун вилоят ҳокимлиги ва Халқ таълими бошқармаси мутасаддилари Пешку тумани "Қорақалпоқ" МФЙ Арбобҳожи ва Урганжи қишлоқларида бўлишиб, аҳоли фарзандлари таълим-тарбиясига доир мурожаатлари билан яқиндан танишишган. Маҳаллий аҳолининг мактаб ёшидаги ўғил-қизлари 4 километр масофадаги қўшни қишлоққа, 17-сонли мактабга қатнаётгани, ўтган аср етмишинчи йилларида 500 ўринга мўлжаллаб қурилган бу таълим даргоҳи талабга жавоб бермай қолгани, бунда қарийб 900 нафар ўқувчи икки сменада, номуносиб шароитда ўқишга мажбур бўлишаётгани ҳақида шикоят қилинганди.
Шундан сўнг, “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида Арбобҳожи ва Урганжи қишлоқлари аҳолисининг талаби қондириладиган бўлиб, бу ерда замонавий таълим даргоҳи инвестиция дастурига киритилди. Айни кунда қарийб 4 минг аҳолиси бўлган мазкур манзилда 520 ўринга мўлжалланган ўқув биноси ҳамда стандарт ўлчами 12 х 24 метр ҳажмдаги спорт зали биносини қуришга қарор қилинди.
Умумий қиймати 14 миллиард сўмга молиялаштирилган бу лойиҳа қурилиши жорий йил апрель ойидан бошланган. Уч қаватли таълим даргоҳида ҳар бири 24 ўқувчи ўрнига эга 20 тадан ортиқ синф хонаси, аниқ фанлар лабораторияси, ҳар бирида 20 тадан компьютерга эга 2 та информатика хонаси, ҳар бир қаватда алоҳида санитария тармоғи ва “Ariston” русумли муқобил иситиш тизими, шунингдек, 3 минг атрофида бадиий китоб ва дарслик фондига эга кутубхона, стандарт ҳажмдаги бир эмас, иккита спорт зали, қолаверса, ўлчами 18 метрга 8 метрли сунъий қопламали очиқ спорт майдони, 1-4-синф ўқувчилари учун 120 ўринли ошхона талаб даражасида қуриб битказилди.
Бундан ташқари, мактабда дарсдан сўнг ўқувчилар банд бўлиши учун “Заковат” интеллектуал ўйини, ҳунарга қизиқувчилар, қўл меҳнати ва технологиялар машғулотлари каби тўгараклар учун хоналар, яна алоҳида “Маънавият ва маърифат зали”, ҳамшира хонаси барпо этилиб, талаб даражасида жиҳозланган. Муҳими, мазкур мактаб фаолияти йўлга қўйилгани туфайли эндиликда бунда 30 нафар педагог–ўқитувчи ва 16 нафар ишчи-хизматчининг бандлиги таъминланмоқда.
Бир томони қўшни Шофиркон тумани ва кимсасиз Қизилқум чўли кенгликларига туташ Арбобҳожи қишлоғида барпо этилган замонавий таълим даргоҳини фойдаланишга топшириш маросими тантанага айланди.
Арбобҳожидаги таълим даргоҳи билан ҳозирда туман мактаблари сони 42 тага етказилган бўлса, улардан 5 таси ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабидир. Айни кунда мавжуд таълим муассасаларида 1 минг 891 нафар турли тоифадаги педагог–ўқитувчи томонидан жами 21 мингдан ошиқроқ ўғил-қизга сабоқ берилмоқда.