Келишувга кўра, халқаро меҳнат бозори талаблари асосида мигрантларни тайёрлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда таълим олувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган ўқув курслари учун таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш кўзда тутилган.

Ҳамкорлик келишуви малака ошириш институти директори Зайниддин Худойбердиев ва Pearson Education Limited компанияси катта вице-президенти Синди Ремперзауд томонидан имзоланди.

Ушбу ҳамкорлик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Pearson Education Limited компанияси ўртасида 2020 йилнинг 1 май куни имзоланган англашув меморандумида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилади, деб хабар беради «Дунё» АА.

Маълумот ўрнида, Pearson таълим соҳасида дунёда етакчи компаниялардан бири бўлиб, 70 мамлакатда 24 минг ходимга эга, бош офиси Лондонда жойлашган. Pearson BTEC таълим дастурлари бўйича таҳсил олган 90 фоиз битирувчининг бандлиги таъминланган. Pearson BTEC таълим дастурлари асосида ўқиганлар дунёнинг 70 давлатида ўз мутахассисликлари бўйича ишлаш имконига эга. Ҳозирги кунда дунёда 800 га яқин Pearson BTEC марказлари фаолият юритмоқда.