Буюк Британия космик агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги вакиллари ўртасида космик технологиялар соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида онлайн учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбеккосмос агентлиги вакиллари Ўзбекистонда телекоммуникация ва космик соҳаларни ривожлантириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларига инновацион технологияларни жорий этиш, учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишни тартибга солиш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.

Британия томони Буюк Британиянинг янги космик технологияларни ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва космик фаолият соҳасида иқтисодиётни ривожлантириш бўйича стратегияси ҳақида маълумот берди.

Мулоқот давомида томонлар келажакда қуйидаги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш, Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида Британия ишланмаларини жорий этиш, Британия компаниялари ва университетлари кўмагида космик фаолият соҳасида мамлакатимиз мутахассисларининг малакасини оширишга келишиб олдилар.

Шунингдек, UKSA вакиллари жорий йилнинг 10-11 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган 1-минтақавий космик технологиялар конференциясида иштирок этишга таклиф этилди. Музокаралар якунида томонлар келгусида ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга ва ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.