2021 йилнинг 26 октябрь куни «Тараққиёт стратегияси» маркази ва Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегия ва бюджет бошқармаси билан «Бюджетни шакллантириш босқичлари ва ижросини таъминлаш жараёнлари» мавзусида дастлабки ҳамкорликдаги халқаро семинар-тренинг ташкил этилди.

Онлайн ва офлайн шаклда бўлиб ўтган семинар-тренингда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қумитаси вакиллари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегия ва бюджет бошқармаси экспертлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирга модераторлик қилган «Тараққиёт стратегияси» маркази Ижрочи директори Элдор Туляков ушбу семинар-тренингнинг аҳамияти, долзарблиги ва Ўзбекистонда бюджет соҳасини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида сўнгги йилларда барча йўналишларда бўлгани каби, бюджет лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва мониторинг қилиш борасида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2020 йилдан бошлаб бюджетни қонун кўринишида қабул қилиш амалиёти жорий этилди. Эндиликда Республика бюджети Парламент томонидан, маҳаллий ҳокимликларнинг бюджетлари эса маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилиниб, унинг ижроси жамоатчилик мониторинги асосида назорат қилиб борилмоқда.

Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясини 2021 йил – «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Қарор билан Давлат бюджетининг шаклланиши ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини фаол жалб этиш ҳамда жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадида "Очиқ бюджет" портали фаолияти йўлга қўйилди.

Шундан кейин туркиялик экспертлар томонидан давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини жадаллаштириш учун асосий дастурий ҳужжатларни тайёрлаш, соҳага оид стратегияларни ишлаб чиқиш, давлат бюджетини тайёрлаш ҳамда давлат дастурларини мувофиқлаштириш ва ресурсларни тақсимлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан бир қатор фикр ва таклифлар билдирилди.

Жумладан, туркиялик эксперт Сибел Йилмаз ўз тақдимотида марказий ҳукумат бюджетини тайёрлаш жараёни, бунда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтган бўлса, яна бир туркиялик эксперт Кубра Сен бюджет очиқлигини таъминлаш ва унинг аҳамияти, хусусан, Туркия бюджети очиқлигини таъминлаш амалиёти ҳамда халқаро бюджет ҳамкорлиги борасида атрофлича маълумот бериб ўтди.

Тадбир якунида иштирокчи томонлар стратегик режалаштириш ҳамда бюджет масалаларини ишлаб чиқиш ва бюджет очиқлигини таъминлашда доимий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати