Агар бу сўз шеър илҳомидай кўнгилдан чиқмас экан, онани алдаган бўламиз. Она қошида ёлғончи бўлиш эса хиёнат билан баробардир. “Маърифат карвони”мизнинг навбатдаги нурли манзили она юртимизнинг фахру ифтихори Самарқанд музофоти бўлди.

Хизр назар қилган юрт

Араб сайёҳи ибн Батутта, “Мағрибдан Машриққача бўлган бутун сарзаминни кезсангиз-да, Самарқанддан гўзалроқ ўлкани тополмайсизлар”, деганида ҳақиқатан ҳам очиқ осмон остидаги бу гўзал ва бетакрор диёрнинг таърифини хўб келтиргандир аслида.

Дунё кўзини Самарқандда очган ёхуд дунёнинг кўзини Самарқанд очган, дейилган қадимдан қолган бир бамаъни ҳикмат бор.

Манбаларда келтирилишича, ХIV-ХV асрларда Самарқанд Туроннинг улуғ даҳолари учун ижодий лаборатория вазифасини ўтаган, Самарқандда инсоният маданияти тарихидаги энг нодир ҳодиса Ренессанс – Уйғониш жараёни бошланган ва ривожланган. Самарқандда туғилган “Темурийлар Ренессанси” қуёш каби порлаб, Шарқ ва Ғарб мамлакатларига тарқалиб кетган. Самарқанд шаҳри бетакрор шарқона қиёфаси, бой тарихи, ноёб обидалари билан сайёрамизнинг турли ўлкаларида афсонавий шаҳар сифатида машҳур бўлди, Рим билан бир қаторда турадиган “абадий шаҳар” деган ном билан Шарқ гавҳарига – бутун жаҳон аҳлининг албатта келиб кўриши шарт бўлган 50 та шаҳарнинг бирига айланди.

Мағрибу Машриқнинг ёрқин карвони – Ипак йўли чорраҳасида жойлашган, салкам уч минг йиллик тарихга эга Афросиёб ёдгорликлари, Регистону Шоҳизинда, Шердору Тиллакори сингари нодир тарихий обидалар, тамаддунлар, маданиятлар маркази ҳисобланади. Хитойдан Европага қадар йўл олган қадим карвонлар нафақат савдо-сотиқ, балки китобу битикларни, санъат асарларини, шу билан бирга маърифату маданиятлар уйғунлашувини ҳам ташиганлар.

 Бу музаффар юрт ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорийнинг, “Мотурудия” калом мактаби асосчиси Имом ал-Мотуридийнинг, Силсилаи олийга мансуб Ҳазрат Хўжа Аҳрор Валийнинг, Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг амакиваччалари авлиё Қусам ибн Аббос ҳазратларининг, Ҳазрат Ҳожи Муиннинг, Евроосиёнинг йигирма етти давлатида адлу инсоф, адолат тамойилини ўрната олган Ҳазрат Соҳибқирон Темур Кўрагоннинг, қирқ йил ҳукмфармолик қилган, 1018 юлдузнинг ҳаракат жадвалини беназир Самарқанд номи билан боғлаган Муҳаммад Тарағай Улуғбекнинг она Ватани саналади.

Ҳар бир юртнинг атоқли фарзандлари ўз элининг кўзтуморлари бўлади,  деб бекорга айтишмайди.

Устози аввал китоб

Самарқандга сафаримиз “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирлар доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ўтказилган “Ўзбекистон Қаҳрамонлари” китобининг тақдимоти билан бошланди. Мазкур китоб мустақиллик йилларида юртимиз равнақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилган 103 нафар замондошимизнинг ибратли ҳаёт йўллари ҳақида ҳикоя қилади. Улар орасида янги ихтиролари, сермазмун ижодлари, ўлмас санъатлари-ю тенгсиз фаолиятлари билан элу улуснинг туганмас меҳрини қозонган тўққиз нафар самарқандлик юртдошимиз ҳам бор.

 Китобни варақлар экансиз, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад, Халқ шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, таниқли олимлар Суйима Ғаниева, Озод Шарафиддинов, Халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов, машҳур пахтакор Лола Муротовалар ҳақидаги сатрлар яқин ўтмишда мазмунли фаолиятлари билан элга ибрат бўлган инсонларни кўз олдингизда намоён қилади.

Тақдимот иштирокчиси Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ артисти Муножот Йўлчиева шундай дейди: “Мустақиллик йилларида, ҳозирги адолатли, шиддатли ислоҳотлар жараёнига виждонан ҳисса қўшаётган ҳар бир замондошимиз қаҳрамондир. Давлатимиз раҳбари томонидан миллий мақомга, ўзбек мумтоз санъатига берилган катта эътибор янги ижод намуналарини яратишимизга рағбат беради. Зотан миллий мусиқа, бахшичилик, ҳунармандчилик, каштачилик, зардўзлик, миллий рақс санъатимизни халқаро саҳналарга олиб чиқиш, жаҳон аро эътирофга сазовор қилишнинг ўзи катта воқеадир. Биз ўз беназир санъатимизни келажак авлодларга бекаму кўст етказишимиз керак”.

Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродовнинг қизлари Дилфузахон Нормуродованинг қалб сўзларини тинглаб туриб шундай фикрлар хаёлимга келди: “Қаҳрамонлик камтарлик, самимийлик ва беғуборликдан бошланса керак. Ҳасан ака нафақат юртимизнинг обрўли оқсоқоли, балки ниҳоятда билимдон инсон эдилар. Вилоятимиз аҳолиси беш миллионга яқинлашяпти, Самарқанд шаҳри аҳолиси бир миллиондан ошади. Ҳасан Нормуродовнинг ҳар куни мана шу инсонларнинг дарди, ташвиши, орзуларига ҳамоҳанг тарзда, ҳаммага бирдек елка тутиш билан ўтди. Қайси маҳаллага сув керак, газ керак, тўй ҳашаму, ҳашар бор, ажрим бор, яхши-ёмон кун бор, хаммасида Ҳасан аканинг беғараз иштироки, муносабати бор эди. Халқнинг дарди оқсоқолнинг ҳаёт мазмуни эди. Оқсоқолни ёдга оларканман, мазкур китобдаги эл суйган инсонларнинг фаолияти билан танишарканман, беихтиёр Мирзо Улуғбекнинг, “У шу қадар буюк эдики, унинг олдида буюкликнинг ўзи таъзим қиларди”, деган сўзлари кўз олдимдан ўтади.

  “Зарафшон тонги” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, сенатор Фармон Тошевни “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлгани билан табриклар эканмиз, устознинг, “Оддий ижодкор меҳнатига берилган муносиб баҳо – инсон қадрининг чинакам улуғланиши экан-да”, деган самимий сўзларига биз ҳам қўшилдик.

 Ўзбекистон Қаҳрамони Аваз Эргашевнинг набираси, Қўшработ тумани 9-умумий таълим мактаби тарғиботчиси Дўстмурод Абдуллаевнинг дил изҳорларида эса инсон қадринининг эъзозланишидан мамнунликни, бобосининг фидойи меҳнатига самарқандликларнинг ҳурмату эъзозини кўрдик.

Буюк мутафаккиримиз Хожа Аҳрор Валий ҳазратлари айтган, “Улуғланган одам улуғдир, улуғлаган одам ундан ҳам улуғдир”, деган сўзнинг ҳикмати шу бўлса керак.

Мурғак юракларга инган ҳикмат ёғдулари

 Самарқанд шаҳридаги 36-мактабгача таълим муассасасида ўтказилган “Зукко болажон” фотоальбоми тақдимоти мактабгача таълим ислоҳотларининг яна бир ёрқин кўриниши бўлди. Маълумки, кейинги беш йилда мамлакатимизда боғчалар сони 5 мингтадан 28 мингтага кўпайди, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олиш коэффициенти 708 мингтадан 1 миллион 800 мингга, яъни 27 фоиздан 67 фоизга етказилди. Ҳаракатлар стратегиясининг ислоҳотлари нодавлат сектор – оилавий боғчалар, давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғчалар, мобил боғчаларни ташкил этишга йўл очди.

Сафардош ҳамроҳимиз, педагогика фанлари доктори, профессор Зуҳра Исмоилованинг фикрича, болани 3-4 ёшиданоқ китоб ўқишга ўргатиш керак экан. Дунёда 95 фоиз одамлар дақиқасига 210 сўз ёки 2 дақиқада бир ярим саҳифа китоб ўқишади ва бу кўникма боланинг барча манбаларни 5 ёшгача қабул қилишлари, бу ёшдаги болалар учун қулай ва осон ўзлаштириладиган манбаларни етказишга боғлиқдир.

Мактабгача таълим вазири маслаҳатчиси Камола Рисқулова мактабгача таълимнинг муқобил мобиль турлари ҳақида фахрланиб шундай дейди: “Олис ҳудудларда яшовчи болажонлар учун 49 та “Исузи” автобуслари билан маҳаллаларда болажонларга икки соатлик машғулотлар ўтказишни йўлга қўйдик, масалан, ўтган йили 44 та маҳаллада 1536 нафар болажон билан машғулотлар ўтказдик. Марказий Осиёда ягона 150 ўринга эга “Имкон” реабилитация марказига эга кўптармоқли мактабгача таълим ташкилотимиз Қорақалпоғистонда иш бошлади, кейингиси Қарши шаҳрида фаолият кўрсатади”.

Камолахоннинг сўзларига қулоқ тутиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликдаги лойиҳалар асосида 14 та боғчани жиҳозлаш ишлари лойиҳалари, амалдаги натижалар яқин вақтларда самара бериши баркамол авлод камолотига нечоғлиқ ижобий таъсир кўрсатишига ишонч билдирдик.

Дарҳақиқат, инсон қадри тамойилига асосланган тезкор янгиланишлар оналарнинг бебаҳо суянчиқлари – фарзандларнинг мурғак юракларига тафаккур, ҳикмат олиб кирмоқда.

Тафаккур чироқлари

 Китоб ўқимаган одам фикрлашдан тўхтайди, фикрламаган инсон ҳаётдан орқада қолади. Китобхонлик ва мутолаа танловларида самарқандлик иқтидорли ёшларнинг билимларини баҳоларканмиз, “Ёш китобхон” республика танлови ғолиблари, Президент совғаси “Спарк” автомашинаси совриндорлари – Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Моҳинисо Шомуродова, Маҳлиё Ўроқоваларнинг, “Китобхон оила” республика танлови совриндорлари, нарпайлик Суҳроб Омонқулов, Дилруҳ Неъматоваларнинг классик ва замонавий адабиёт вакиллари асарларига берган аниқ, сермазмун эътирофларининг гувоҳи бўлган эдик.

Самарқанд шаҳар “Дўстлик” маҳалласи кутубхонасининг очилиш маросимида рус, польяк, озар, турк, тожик миллий маданий маркази раҳбарлари, турли конфессия, турли миллат ва дин вакилларининг юртимиздаги китобхонлик ва мутолаа сиёсатига фахр билан баҳо беришганида, қалбимиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлди. Айниқса, корейс миллий маданий маркази раҳбари Николай Петрович Ким томонидан ўзбек тилида ўқилган шеър китобхонлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.

Пайариқлик шоира Яхшигул Хидированинг Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилингани эса сўзга, адабиётга бўлган меҳрнинг эътирофига айланди.

Элда азиз ҳунармандлар

 Бу гўшада Самарқанд кулолчилик мактабининг асосчиси уста Умар Жўрақуловни танимаган одам йўқ. Меҳрож Бобомуродов эса мана шу мактабнинг тўртинчи авлоди, Ўзбекистон халқ устаси Холмуҳаммад Исматуллаевнинг фарзанди, мутахассислиги иқтисодчи бўлса-да, ота касбини улуғлаб “Мароқанд” кулолчилик устахонасига раҳбарлик қилади. Элликка яқин шогирдларнинг устози. Саккиз ёшидан бошлаб, отасининг устахонасида лаган, кўза, обдаста, коса, пиёла, гулдон, чойнак буюмларининг яратилишини синчковлик билан кузатиб борган. Устанинг Чўпонота тепалигидан ўнг томонга қараб оқадиган Зарафшон дарёсининг суви билан элакдан ўтказилган машҳур Конигил тупроғини ихлос билан аралаштириб, пишитиб, маълум бир вақт дамлатиб қўйиб, махсус дастгоҳларда шакл бериб, офтобда қуритиб, 850-900 даражадаги ҳароратда пишириб олиш, нақш солишдек узоқ ва машаққатли жараённи талаб қиладиган меҳнатини кузатиб турган болакайларни кўриб, “Сабру қаноат – ҳунармандлар меҳнатининг самарасидир”, деган халқ ҳикмати ёдингизга тушади. Кулол нафақат шаклни, балки мазмунни ҳам ҳисобга олиши керак экани, суратлар ва нақшлар ясалган буюмнинг нафақат безаги, балки маъноли кўрки бўлмоғига амин бўлдик. Кўҳна Афросиёб манзаралари, анор, кийик, дарахтлар, афсонавий ҳайвонлар, кийиклар, ҳумо қушлари, отлар, шерлар тасвири туширилган кўзалар, Регистону Шердор манзаралари санъатнинг ажиб кўриниши бўлиб кўзингизни қувонтиради.

Танишув асносида Меҳрож устанинг дил изҳорларига қулоқ бердик: “Устозларим Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзолари Худойберди Ҳақбердиев, Шариф Азимов ва отамдан ўрганганларим касбимни мукаммал ўзлаштиришимга ёрдам берди. Россия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Қозоғистонда бўлиб ўтган халқаро ҳунармандлар фестивалларининг ғолиби бўлдим. Бугунги кунда ўғлим Темур ва Муҳаммадамин ҳам шогирдларим қаторида янги маҳсулотларимга эскизлар, нақшлар излаб топишади, изланишади. Биз Самарқанд археология илмий текшириш институти билан ҳамкорликда Афросиёб тепаликларида топилган болалар ўйинчоқлари, уй-рўзғор буюмлари, темурийлар даврига доир топилмаларни қайта ишлаш билан ҳам шуғулланамиз. Яна бир савобли ишимиз – Самарқанд шаҳридаги мактабгача таълим муассасалари болаларига кулолчилик бўйича маҳорат дарслари олиб борамиз. Айниқса, аутизм – эшитишида нуқсони бор болаларнинг ўттиз нафарига кўчма семинар машғулотларини ташкил этганмиз. Самарқанд туманидаги 53-мактаб ўқувчилари Мафтуна Яҳёева, Илҳом Бобомуродов сингари зийрак болаларнинг ясаган буюмлари кишига алоҳида сурур бахш этади.

Донғи кетган Конигил тупроғи, Зарафшон оби раҳмати ва завқли меҳнати билан ҳақиқий санъат асарлари яратаётган устанинг, шогирдларининг уста-шогирд анъаналарига разм солиб, инсон тафаккури ва ғайрати мўъжизалар яратаётганини ҳайрат билан кузатдик. Ота-боболаримиз, “Ўн бармоғи ҳунар инсонлар”, деб шундай инсонларни айтган бўлсалар керак.

Каттақўрғондаги файзли маҳаллалар тафти

Каттақўрғон туманидаги “Валижон” маҳалласида яшовчи1-гуруҳ ногиронлари Севара Азимова, Зиёдулло Мингбоев ва уларнинг азиз фарзандлари Азизбек, “Алишер Навоий” маҳалласида истиқомат қилувчи 1-гуруҳ ногирони Ёқутой Худойбердиеваларнинг сидқидилдан айтган сўзларида Ватанга, элга, инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ислоҳотларга нисбатан меҳр-муҳаббат, ишонч ва ва шукроналик туйғуларини ҳис этиш мумкин.

 Дийдор ва кўнгил суҳбатларимиз туман марказидан 150 километр узоқликда, Нурота тоғлари тизмалари ёнбошида жойлашган Мойбулоқ, Тарнов, Ёнбош, Андоқсой, Себустон маҳаллаларида давом этди. 92 ёшли Холдорбобо Қаршиевнинг тоғликларга хос содда суҳбатларидан кўнгил яйрайди:

– Маҳалламизга, ҳовлимизга шу пайтгача фақат ойнаи жаҳонда кўраётган санъаткорларимиз келиб қўшиқ айтишганидан чунонам хурсанд бўлдим-ей, чунки шунча яшаб биз томонларда бундай концертларни кўрмаганман. Биз лалми ерларимизда узумнинг сояки, кунаки, ошузум, ҳусайни, келинбармоқ, қоракишмиш навларини экамиз, айниқса, қиш чилласида сув қуйиладиган қоракишмиш июнь ойида ҳосилга кирганда кампирим билан роса қувонамиз, августда йиғиб оладиган сояки, кунаки узумларимиз рўзғорга қувват бўлади, қишга сақлайдиган оқ маска (қишки узум), оқдумча навлари янги йил дастурхонимизга кўрк беради. Болаларим билан озроқ нўхат ҳам экканмиз. Хуллас, умримизнинг безаги – ҳалол меҳнат. Мана шу меҳнатга катта рағбат, кайфиятимизга кайфият қўшади-да бугунги концертлар. Бундай эътибор учун Президентимизга минг раҳмат!!!

 Мойбулоқ қишлоғида Улуғхон момо Йўлдошева 97 ёшда, тўққиз фарзанди олий маълумотли, етмиш олти набираси эл хизматида, ўттиз олти абираси камолга етмоқда. Ўзбек миллий академик драма театри актёри Фаррух Ботиров – момонинг набираси. Буви ва набира биргаликда Фозил Йўлдош достонларидан термаларни навбатма-навбат айтиши, туман маданият бўлими ходими Нусратилло Шодиевнинг доирани қойилмақом чертиб куйлашига қараб туриб сурурланади одам.

 Тумандаги 13-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Муштарийбону Ибрагимованинг шеърий машқлари, 43-мактабнинг 4-синф ўқувчиси, ўн ёшли Жасурбек Сафаров ижросидаги мақом, катта ашулалар ўзбек адабиёти ва санъатига янги истеъдодлар, гулғунчалар кириб келаётганидан дарак беради.

Юлдузни кўрай деб келдим бағрингга...

Карвонимиз сафида Халқ артистлари Аваз Ражабов, Замира Суюнова, Хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова, Дилфуза Раҳимовалар, таниқли хонандалар, ёрқин истеъдод эгалари Салоҳиддин Азизбоев, Озода Ёрова каби эл суйган санъаткорларнинг хонишлари ҳар бир туманда ўтаётган гала-концертларда халқнинг олқишу дуоларига сазовор бўлди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Самарқанднинг азиз фарзанди, шоира Хосият Бобомуродованинг Самарқандга меҳри ўзгача:

Юлдузни кўрай деб қалбимни қаздим,

Вақтлар кетаверди қолавердинг сен.

Хосият, бағрингда бир ҳикмат сездим,

Буюкдир сендаги ҳар зарра, ҳар гард,

Икки дунёда ҳам битта Самарқанд!

Ҳа, бу юрт фирдавсмонанд мана шундай муҳташам таърифларга лойиқдир! Бу қутлуғ масканга ташриф буюрган инсон борки, юлдузни кўрай деб бағрингга келдим, Самарқанд, деб айтгиси келади. Зиёратгоҳлару Улуғбек обсерваториясидаги кўҳна бир сеҳрдан, илоҳий жозибадан ҳайратга тушади. Инсон юрагининг қон томирлари туғилиб ўсган юртининг ҳаволарига, сувларига, нурларига туташлигини, она халқнинг дуолари билан кўкараётган самарқандликларнинг кўзларидаги самимийлик, тилларидаги шукроналар биз ижодкорларга илҳом берди. Сўз ҳам, овоз ҳам, соз ҳам, иқтидору талант ҳам ижодкорга Яратганнинг халқ хизмати, яхши ниятларига вобаста бўлиш учун берган омонати, қарзидир.

Инсон номи, шаъни, қадри улуғланишига қаратилган адолатли ва кенг кўламли ислоҳотлар эса ҳар бир ижодкорнинг юраги орқали ўтади. Юракдан чиққан сўз юракка етиб боради, азиз фарзандларни юртга муҳаббат, шукроналик ва эзгуликка камарбаста қилиб тарбиялаш эса ҳар бир зиёлининг умр мазмуни бўлмоғи керак.

Маънавият карвонимизнинг Самарқандга қилган шукуҳли сафарига холис таърифимиз шундай.

Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.

Сайёра ТЎЙЧИЕВА,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира