Мулоқотда асосий эътибор сармоявий ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди.

Учрашув аввалида Япония делегациясига «Ўзчармсаноат» уюшмаси фаолияти, унга аъзо корхоналар ва маҳсулот турлари, соҳанинг сармоявий ва экспорт салоҳияти ҳақида маълумотлар берилди.

«Chiikimittyaku Co., Ltd» компанияси раҳбари жаноб Масаҳиро Нишимура Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида қизиқиш билдирди. У мамлакатимизга ташрифи чоғида чарм маҳсулотлари, хусусан, тайёр чарм ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан яқиндан танишганини таъкидлади. «Ангрен Чарм» масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқариш жараёни ва тайёрланаётган маҳсулотлар ўрганилди. Корхона мутахассислари Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг ускуналари, хомашё ва тайёр маҳсулотларини атрофлича кўздан кечирди.

Маълумот учун: «Chiikimittyaku Co., Ltd» компанияси Лондонда жойлашган. У «TOKKOU» бренди остида маҳсулот ишлаб чиқаради. Бренд маҳсулотларининг фалсафаси анъанавий япон илдизларига асосланган. «TOKKOU»нинг замонавий дизайни Япония ёшлар субкултураси «Bosodzoku»дан илҳом олади.

Учрашувда Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш учун Япония брендларини жалб этиш, маҳаллий маҳсулотларни халқаро бозорларда оммалаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Жаноб Нишимура Япония томони Ўзбекистон корхоналарини терини қайта ишлаш бўйича замонавий япон технологиялари билан жиҳозлаш, Ўзбекистон корхоналарида технологлар малакасини оширишда кўмак беришга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.