Тайёр чарм, пойабзал, мўйна, қоракўл ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлардан ташкил топган экспозиция Россия, Қозоғистон, Беларус каби давлатлар компанияларида катта қизиқиш уйғотди.
Уч кунлик кўргазма доирасида “Ўзчармсаноат” уюшмаси раҳбарияти ва маҳаллий корхоналаримиз қатор музокараларни ўтказди. Хусусан, Россиянинг “Техномет” компанияси мамлакатимиздан эркаклар, болалар ва аёллар пойабзалларини харид қилиш бўйича ҳамкорлик ташаббусини билдирди. Россия бозорига етказиб беришда дистрибюторлик ваколатини олиш мақсадида бўлган компания билан экспорт-импорт масалаларида фикр алмашилди.
Беларус Республикасининг “МEДБEЛРОС” компанияси Ўзбекистон корхоналари билан ортопедик пойабзалларни ишлаб чиқариш бўйича янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан музокара ўтказди.
Жанубий Қозоғистон вилоятининг тадбиркорлик ва инновацион-инфратузилма бошқармаси Ўзбекистондан тайёр жун ва мўйна маҳсулотларини харид қилишни режалаштиряпти. Шунингдек, бугунги кунда Жанубий Қозоғистон вилоятида жун хом ашёси базаси кенглиги боис мазкур вилоятда Ўзбекистон билан ҳамкорликда янги қўшма корхонани очиш бўйича келишувга эришилди.
Қозоғистон енгил саноат уюшмаси эса юртимиз тадбиркорларидан тайёр пойабзал маҳсулотларини сотиб олишни режалаштиряпти. Бу борада қатор ўзбек корхоналари билан музокаралар бўлиб ўтди.
Уч кун давом этган кўргазма доирасида 2023-2025-йиллар давомида Ўзбекистондан тайёр пойабзал, чарм маҳсулотларини ҳамкорларга етказиб бериш бўйича умумий қиймати 7 миллион доллар бўлган савдо шартномалари имзоланди. Бундан ташқари Россия компаниялари билан 16,5 миллион долларлик инвестиция битимлари имзоланди. Умумий сумманинг 13,5 миллион доллари Россия капиталидир. Мисол учун, Россиянинг “Технолюкс” компанияси билан Тошкент вилоятида йилига 120 минг жуфт болалар пойабзалларини ишлаб чиқариш қувватига эга янги корхона ишга туширилади. Шунингдек, Андижон вилоятида Россиянинг “Мосез ИН” компанияси билан йилига 50 минг жуфт пойабзал устки қисмларини ишлаб чиқарувчи қўшма лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Деб хабар беради “Ўзчармсаноат” уюшмаси матбуот хизмати.
Жорий йилги халқаро саноат кўргазмаси ҳам манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва экспорт шартномаларини имзолаш учун қулай бизнес платформа бўлиб хизмат қилди.