Унаби Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Афғонистон, Покистон, АҚШ ва Россия каби давлатларда катта миқдорда етиштириладиган чилонжийда меваси таркибида ўртача 25-32 фоиз, қуритилганда 63,8 фоизгача шакар, 2,6 - 3,4 фоиз оқсил, 3,7 фоизгача мой, 10 фоизгача таннид моддаси, 250 - 1300 мг фоизгача C витамини, калий, магний ва пектин моддалари мавжуд.
Тиббиётда шамоллашга қарши, иммунитетни оширувчи, қонни суюлтирувчи, асаб системасини тинчлантирувчи, юрак қон-томир касалликлари, айниқса, қон босимига қарши ҳамда қон таркибидаги холестерин моддасини камайтириш учун фойдаланилади.
Унаби мевасидаги витаминлар миқдори лимон ва апельсинга қараганда 10-15 баробар кўпдир. Бу нафақат дориворлик хусусияти билан, балки мевали ўсимлик сифатида ҳам алоҳида эътиборга молик. Шу сабаб кўпгина давлатларда унинг йирик мевали серҳосил навлари яратилган.
Бундан ташқари, унаби дарахти қурғоқчиликка, иссиқ, совуқ, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлиб, узоқ умр (300 йилгача) кўради.