Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органларига 2025 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматлари бўйича 1141 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки ойларида, ушбу масала юзасидан 850 дан ортиқ мурожаат қайд этилиб, сезиларли даражада мурожаатлар сони ортганлиги кузатилган.

Мурожаатларда асосан чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилмаслиги, хизматлар сифати пастлиги, шартнома шартларига амал қилинмаслиги, шунингдек, хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳамда бунинг оқибатида фуқароларнинг электр энергияси тўловларига чекловлар қўйилгани юзасидан ҳақли эътирозлар билдирилган.

Ўрганишлар давомида айрим ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг белгиланган минимал даврийлигига амал қилинмаётгани ҳамда фуқароларга асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётгани аниқланган.

Қўмита ахборотига кўра, мурожаатларнинг асосий қисми Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларига тўғри келмоқда.

Амалдаги қонунчиликка биноан, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари белгиланган муддат ва даврийликда амалга оширилиши шарт. Шунингдек, хизмат кўрсатилмаган ёки сифатсиз кўрсатилган ҳолларда истеъмолчи тегишли давр учун тўловдан озод этилиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 октябрдаги 648-сон қарорига мувофиқ, чиқиндиларни бошқариш соҳасида қарздорлик ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш ҳамда уни бартараф этиш чораларини кўриш тегишли агентлик вазифаларидан ҳисобланади.

Шуларни инобатга олиб, асоссиз қарздорлик ҳолатлари юзасидан электр таъминотига киритилган вақтинчалик чекловларни қайта кўриб чиқиш юзасидан Чиқиндиларни бошқариш агентлигига сўров юборилган.