Семинарда қайд этилишича, бугун Чирчиқ шаҳридаги 44 та маҳаллада 44 нафар шижоатли ёшлар етакчилари фаолият кўрсатмоқда. Улар "Ёшлар баланси"ни шакллантириб, зарур маълумотларни "Ёшлар дафтари" ва "Ёшлар портали" электрон платформаларига киритиб бормоқда. Шунингдек,  маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида йигит-қизлар бешта муҳим ташаббус доирасидаги тўгаракларга қамраб олиняпти. Бу каби вазифаларни бажаришда маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига зарур кўмак, амалий ёрдам кўрсатиш, тавсиялар бериш тақазо этилади. Ана шу омиллар инобатга олиниб, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт унивеситети ҳамда Чирчиқ давлат педагогика институти кафедраларига, профессор ўқитувчиларига тажриба тариқасида  44 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёшлар етакчилари бириктирилди.

Тадбир якунида иштирокчилар “Яшил йиллик” умуммиллий лойиҳаси доирасида университет ҳудудига мевали ва манзарали дарахт кўчатларини  қадади, экилган ҳар бир дарахтнинг парваришига масъул белгиланди.  Мазкур акция шу куни шаҳардаги барча маҳалла фуқаролар йиғини кесимида давом этди.  

Қайд этиш жоизки, шаҳарда яшил майдонларни кенгайтиришда нодавлат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Маҳалла хайрия жамоят фондининг Чирчиқ шаҳар бўлинмаси ҳомийлиги ва ташаббуси асосида ўтган йилнинг кузида ва айни мавсумда  3 минг тупга яқин дарахт кўчатлари  келтирилди.

– "Маҳалла " хайрия жамоат фонди томонидан Ўрмон хўжаликларидан шартнома асосида айни баҳор мавсумида 1800 та манзарали  кўчатлар харид қилдик, – дейди"Маҳалла" хайрия жамоат фонди Чирчиқ шаҳар бўлинмаси раиси, Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Ўткир Тожибоев. – Келтирилган манзарали кўчатлар  маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари томонидан ўтказилаётган ҳашарларда нафақат Чирчиқ шаҳрининг шоҳ кўчалари бўйи, балки маҳаллалар ичидаги бўш ер майдонларига ҳам экиляпти, ҳудудимиз  кўкаламзорлаштириляпти.