Навоий шаҳридан қарийб 50 километр узоқликда, жануби-ғарбий томонидаги чўл ҳудудида 300 гектар ер майдон эгаллаган Амирликларнинг йўрға тувалоқни асраш маркази (АЙТАМ) жойлашган.
Марказ Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, Дубай амирлигининг ҳокими шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ташаббуси билан 2008 йилнинг апрель ойида ташкил этилган.
АЙТАМнинг асосий фаолияти Ўзбекистонда Осиё йўрға тувалоғининг барқарор популяциясини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўпайтириш ва асраш ишлари ҳамда ҳар йили ушбу турни ёввойи табиий муҳитга қўйиб юбориш кампаниялари каби тадбирлар мажмуасидан иборат.
Марказ мутахассислари маълумотига кўра, 2007 йилда марказнинг асосий фаолияти бошлангунига қадар бирламчи галани яратиш учун зарур бўлган ёввойи тухумларнинг дастлабки коллекцияси жамланган. Ушбу коллекцияни йиғиш ишлари Ўзбекистон ҳукуматининг рухсати билан 2012 йилгача амалга оширилган. Шу билан бирга, ёввойи табиатга чиқариб юбориладиган қўшимча қушларни кўпайтира оладиган йўрға тувалоқ қушларининг наслдор галасини яратиш мақсадида марказда 2008 йилдан бошлаб қатъий генетик назорат остида йўрға тувалоқ қушини тутқунликда кўпайтириш ишлари ҳам йўлга қўйилган.
Йўқолиб бораётган ва ноёб қушлар турига кирадиган ушбу "чўл гўзали" парвариши учун мутахассислар жалб этилган. Маълумотларга кўра, қушларнинг ҳар бири ўртача 1 кг 300 гргача вазнга эга бўлади. Марказдаги вольерларнинг ҳар бирида ёввойи табиатдагидек муҳит яратилган. Уларнинг парвариши учун масъул бўлган ходимлар санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишади ва махсус кийимда бўлишлари талаб этилади.
Йилида икки маротаба баҳор фасли ва куз мавсумида йўрға тувалоқ ёввойи табиатга қўйиб юборилади. Ноёб қушлар 2000 км олисгача учиши мумкин. Нисбатан иссиқ иқлимга мослашган йўрға тувалоқ қишлаш учун Эрон, Покистон, Арабистон яримолига учиб кетади. Маълумотларга кўра, улар қанча олисга кетмасин, эрта баҳорда яна ўзи учирилган манзилга қайтади.
Табиат ресурслари вазири Aзиз Aбдуҳакимов Навоий вилоятига хизмат сафари давомида марказда бўлиб, унинг фаолияти билан танишди. Шунингдек, вазир туманидаги чўл ҳудудида йўрға тувалоқ қушларини учириш жараёнида ҳам иштирок этди. Шу куни 100 та йўрға тувалоқ табиат бағрига учириб юборилди. Томди, Конимех ва Учқудуқ туманларининг чўл ҳудудида март ойи давомида яна 1500 дан зиёд марказда етиштирилган йўрға тувалоқлар ёввойи табиатга қўйиб юборилди.
Қайд этиш керак, йўрға тувалоқ яшайдиган экотизимдаги барча ёввойи ҳайвонларга фойда келтирадиган муҳофаза зоналари ва қўриқхоналар ташкил этилди. Қушларнинг яшаш жойи, табиий озуқа заҳиралари, кўчиб ўтиш йўлларини кузатиш бўйича олиб борилаётган ишлар ушбу ноёб жониворни нафақат кўпайтириш, балки муҳофаза қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Йўрға тувалоқ аксарият вақтини ерда озуқа излаш билан ўтказади. У қуруқ муҳитга мослашган, бутали ва очиқ майдонларга эга чўл ҳамда яримчўл ҳудудларда яшашни афзал кўради. Ушбу қуш ҳар нарсани еяверадиган турга мансуб бўлиб, ўсимликлар ва уларнинг уруғлари, майда калтакесак, ҳашаротлар ва бошқа умуртқасизлар билан озиқланади.
Кўпайиш мавсумида нар йўрға тувалоқ ўзига тегишли ва ҳар йил фойдаланадиган ҳудудда ниҳоятда гўзал никоҳ рақсини ижро этади, мақсад – мураккаб рақс орқали қўшнилари билан рақобат қилиш ва мода қушларни жалб қилиш. Мода қушларнинг аксарияти икки ёки уч ёшида жинсий балоғатга етади. Улар нар қушлар рақсга тушаётган ҳудудларга фақат жуфтлашиш учун келишади, сўнгра бошқа ҳудудларга кетиб, тухумни ўша ерда қўядилар.
Йўрға тувалоқ ўз ареалида йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган тур ҳисобланиб, табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи томонидан «заиф» деб таснифланган, йўқолиб бораётган турлар бўйича «Халқаро савдо тўғрисида»ги, «Кўчиб яшовчи ёввойи ҳайвонларни асраш бўйича Конвенция»ларга киритилган.
Марказнинг асосий вазифаси Ўзбекистондаги йўрға тувалоқ қушининг мустақил популяцияларини тиклаш ва ҳимоя қилишга қаратилган комплекс стратегияни амалга оширишдан иборат. Мазкур истиқболли мақсадга эришиш учун АЙТАМ доимий равишда турли соҳаларда, жумладан, экология, физиология, озиқлантириш ва тиббий ветеринарияда янги ёндашувларни ишлаб чиқмоқда. Мутахассисларнинг кенг қамровли билимлари ҳамда фундаментал ва амалий тадқиқотлар бу ёндашувларнинг асоси ҳисобланади.
Марказ турни тутқунликда кўпайтириш бўйича станцияни яратиш ва ишини ташкил қилиш, табиий популяцияларни мустаҳкамлаш, оқилона экологик дастурларни амалга ошириш йўли билан турлар ва яшаш муҳити ҳақидаги асосий билимлар кўламини кенгайтириш ишларини олиб боради.
Ушбу мўъжизавий масканда йўрға тувалоқларни парваришлаш бўйича асосан беш босқичли жараён мавжуд.
Биринчиси, навқирон ёшдаги қушларни парваришлаш ва кўпайтириш бўлимида тухум йиғиш ишлари амалга оширилади ва лабораторияда генетик ўрганишлар олиб борилади. Иккинчи босқичда инкубация цехи. қушларнинг тухумлари махсус инкубаторларда 21-22 кунда очирилса, учинчи босқичда полапон қушларни парваришлаш цехида инкубация цехида очирилган полапонлар сақланади. Бу бўлимда полапонлар ўн кунга қадар парваришланади. Шу вақт оралиғида қушлар ёввойилаштирилади. Ҳар бир ярим соатда озиқлантириб турилади. Тўртинчиси ёввойилаштириш бўлими бўлиб, бу ерда ўн кунлик полапон қушлар йигирма кун давомида ёввойи ҳаётга ўргатилади. Сўнгра махсус эмлашлардан ўтказилиб, махсус тунелларга жойлаштирилади ва бешинчиси босқичда учиришдан аввал қушлар ёввойи табиатга тайёрланади.
Ҳар бир жараёнда қушлар мутахассис ва ветеринарлар назоратида бўлади.
Марказда 100 нафардан зиёд ишчи доимий равишда фаолият олиб боради. Мавсум вақтида ишчилар сони икки бараваргача кўпаяди. Ишчиларнинг 90 фоизи марказдан 15 км узоқликдаги Ўртачўл қишлоғидан, қолган 10 фоизи Навоий шаҳридан жалб қилинган. Ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Қатнов учун микроавтобус ва автобуслар қўйилган. Ишчиларга марказ ҳисобидан хорижий тиллар ва соҳа сир-асрорлари ўргатилади.