«Айтим» маҳалласида 5700 нафарга яқин аҳоли чорвачилик ортидан кун кечиради. Бироз, ноқулай турмуш шароитини ҳисобга олмасангиз, чўлдаги яйлов табиатнинг чорвадорларга берган катта инъоми, даромад манбаидир. Бугун 1535 та хонадонда аҳоли яшаб, меҳнати ортидан халқимиз дастурхонини озиқ-овқат, аниқроғи гўшт маҳсулотлари билан таъминлайди.

Навоий вилояти адлия бошқармаси бошлиғи мазкур манзилда одамлар ҳаёти ва муаммосига ечим топиш учун сайёр қабул ташкил этди. Қабул жараёни Учқудуқ туман ҳокими, сектор раҳбарлари, халқ қабулхонаси вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида ўтказилди. Чўлда кун кўраётган одамларнинг эса муаммоси бошқа. Чунки, ҳамманинг бир юмуши ва бир даромади бор. Сайёр қабулда ижтимоий ҳимояга муҳтож, “Aёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизлар ва ёшлар билан якка суҳбатлар ўтказилиб, муаммоларини ижобий ҳал етишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудда халқнинг адлия, давлат хизматига бўлган талаби доирасида 60 дан ортиқ мурожаат аниқланди ва аҳолига жойида сайёр тартибда 10 дан ортиқ ФҲДЁ ва давлат хизмати кўрсатилди. Одамлар бандлик, пенсия таъминоти, меҳнат ва оилавий муносабатлар, солиқ тўловлари, ногиронликни белгилаш, иш стажини тиклаш ва имтиёзли шартларда нафақага чиқиш сингари бир қатор масалаларда мурожаатлар келиб тушди. Шулардан 35 дан ортиғига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 15 га яқин мурожаат адлия органлари томонидан иш юритувига қабул қилинди.

Навоий вилояти Адлия бошқармаси матбуот хизмати