Тарихга назар солсак, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг туғилган йили турли манбаларда турлича берилганига гувоҳ бўламиз. 1987 йили “Ёшлик” журналининг 10-сонида Чўлпоннинг туркум шеърлари “Адабий мерос” рукнида чоп этилади. Унга мунаққид Озод Шарафиддиновнинг мақоласи илова қилинади. Ушбу мақолада “Чўлпон 1883 йил Андижонда савдогар оиласида туғилган”, деган маълумот берилади.
1988 йилда “Кеча ва кундуз” асарининг “Шарқ юлдузи”даги қайта нашрига ёзилган кириш сўзида эса Озод Шарафиддинов янги маълумот беради: “Унинг ижоди Октябрь революциясидан олдин – 1913 йилда бошланган эди. У биринчи асарларини эълон қилганида 20 ёшга тўлган, ёш бўлса-да, анча мукаммал билимга эга бўлган бир йигит эди”. Ҳисобланса, бундан энди 1893 йил келиб чиқади. Чўлпоннинг 1991 йилда чоп этилган “Яна олдим созимни” тўпламига ёзган сўзбошида олим: “Сўнгги йилларда пайдо бўлган мақолаларда Чўлпоннинг туғилган йили 1883, 1893, 1896, 1897, 1898 йиллар деб ҳар хил кўрсатилади”, деб ёзади.
1988 йил чоп этилган “Баҳорни соғиндим” тўпламига олим Иброҳим Ҳаққул сўзбоши ёзади. Унда Чўлпоннинг туғилган йили 1893 йил деб қайд этилган. 1990 йилда чоп этилган “Фидойилар” тўпламидан жой олган Э.Каримов мақоласида Чўлпон 1897 йилда туғилган деб ёзилган. Адабиётшунос Наим Каримов 1991 йилда чоп қилган “Чўлпон” номли рисоласида “Чўлпон В.Ян билан қилган суҳбатида ҳам, НКВД қамоқхонасида махсус анкеталарни тўлдирганида ҳам ўзининг 1897 йилда туғилганини тасдиқлайдики, бу сўнгги сана бевосита Чўлпон томонидан айтилгани ва ёзиб қолдирилгани туфайли биз учун мўътабар маълумот бўлиб қолади”, деб таъкидлаган.
Собир Мирвалиев ва Рихсия Шокирова томонидан тайёрланиб, 2016 йили чоп этилган “Ўзбек адиблари” китобида Чўлпоннинг таваллуд санаси 1898 йил деб қайд этилган.
Қарангки, турли манбаларда Чўлпоннинг туғилган санаси турлича бериляпти. Шу боис Адиблар хиёбонидаги ҳайкалга ҳам ёдгорлик ижодкорлари томонидан маълум муддат мобайнида расман эътироф этилган сана – “1893 йил” битилган.
Профессор Дилмурод Қуроновнинг “Шарқ юлдузи” журналининг 2018 йил 10-сонида эълон қилинган “Чўлпоннинг туғилган йили” номли мақоласидаги фактларни умумлаштириб, хулоса қиладиган бўлсак, Чўлпоннинг 1897 йилда туғилгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга яқинроқ.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бу масала бўйича ҳамкор ташкилотлар билан боғланиб, “1893 йил” санасини “1897 йил” санаси билан алмаштириш мақсадга мувофиқ эканини билдирган эди. Бугун Ўзбекистон Бадиий академияси мутахассислари томонидан ушбу ўзгартириш амалга оширилганини маълум қиламиз.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати