Тошкент вилояти ҳокими Даврон Хидоятов Оҳангарон туманида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Хусусан, вилоят раҳбари “Абдираҳим ота” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган сутчиликка ихтисослашган чорвачилик комплексида бўлиб, лойиҳа доирасидаги ишларнинг ҳолатини кўздан кечирди. Айни пайтда мазкур лойиҳа доирасида МЧЖ томонидан Қозоғистон Республикасидан 135 бош “Қозоқи оқбош” зотли қорамол келтириб, боқилмоқда.

Вилоят ҳокими чорвачилик комплексида ҳам бўлиб, иш жараёнлари ва тармоқда амалга оширилаётган ишлар юзасидан мутахассислар билан суҳбатлашди. Хусусан, умумий қиймати 63 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа 1000 бош қорамолга мўлжалланган бўлиб, йилига 6 минг тонна сут ва 10 тонна гўшт етиштиришга мўлжалланган. Комплекс тўлиқ ишга тушгач, 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Учрашувда чорвачилик тармоғига оид лойиҳаларни ташкил этиш орқали сифатли гўшт ва сут маҳсулотларини кўпайтириш, нархини арзонлаштириш борасида сўз юритилди.

Кейинги йилларда ҳудудда паррандачиликни янада ривожлантириш, жумладан, замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнини модернизация қилиш ва тайёр паррандачилик маҳсулотлари ички ва ташқи бозорга олиб чиқиш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.

Шуни эътиборга олган ҳолда, Д. Хидоятов тумандаги “Chiken meat line” МЧЖга қарашли товуқ фермасининг ютуқлари, соҳадаги тажрибаси билан танишди.

Корхона асосан бройлер зотли товуқ гўшти етиштиришга ихтисослашган бўлиб, йилига қарийб 2 миллион дона товуқ боқиш қувватига эга. Бу ерда АҚШ ва Голландия технологияси асосида тўлиқ автоматлаштирилган технологик тизим натижасида йилига тирик вазнда 4-4,5 минг тонна товуқ гўшти етиштириляпти.
Шунингдек, бу ерда Туркия технологияси асосида соатига 15 тонна омухта ем тайёрланмоқда. Корхонада 60 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, бу ўринларга асосан 20-30 ёшда бўлган ишсиз ёшлар қабул қилинган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 8 июнь куни қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини янада такомиллаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича зарур вазифалар белгиланган эди. Шуни алоҳида эътиборга олган ҳолда. Тошкент вилоятида ҳам йил бошидан буён кенг қамровли ишлар қилиняпти. Хусусан, бугунги кунда Оҳангарон туманида чорвачилик хўжаликлари 210 тага етган. 2021 йил якунига қадар йирик шохли моллар сони 71 минг 255 бошга, сигирлар сони 29 274 бошга, қўй-эчкилар сони 235 минг 571 бошга, отлар сони 6 минг 365 бошга, паррандалар 669 минг бошга етказилиши кўзда тутилмоқда.

2021-2022 йилларда туманни комплекс ривожлантириш дастурига биноан чорвачилик йўналишида қиймати 936,9 миллиард сўмлик 100 та шундан, янгидан қуриб ишга туширилаётган лойиҳалар сони 85 тани ташкил этади. Мазкур лойиҳаларни ишга тушиши туфайли йилига қўшимча равишда 139 минг тонна сут, 11 минг 640 тонна гўшт, 75 тонна жун етиштирилишига эришилади. Муҳими, 2 минг 486 нафар аҳоли доимий иш билан таъминланади.

Тошкент вилояти Ахбоборот  хизмати