Бугун Ўзбекистонда бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. гувоҳи бўлаётганимиздек, хорижий қурилиш компаниялари билан ҳамкорликда замонавий бинолар қад ростламоқда. қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг етакчи драйвер тармоқларидан бирига айланди, десак адашмаймиз. Шу билан бирга, архитектура-қурилиш соҳасидаги етакчи олийгоҳларнинг кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ўқув дастурларини ислоҳ қилиш ва таълим сифатини халқаро даражага олиб чиқиш чоратадбирларини кўриш талаб этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот ўтказилгани айни муддао бўлди. Давлат раҳбари архитектура-қурилиш соҳаси етакчи йўналишлардан бирига айланаётган айни паллада таълим ва илм бундан анча ортда қолаётганини, институтлардаги ўқув дастурлари эскиргани, ўқитиладиган фанлар сони чет элдагидан ҳам кўплиги, аммо сифат даражаси қониқарли даражада эмаслигини таъкидлади.
Шунингдек, таълим жараёнида амалиётчи мутахассислар етарли даражада жалб этилмаётгани, замонавий фикрлайдиган муҳандис-конструкторлар етишмовчилиги тўғрисида алоҳида тўхталди. Шу йилнинг 6 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан шу масалага алоҳида урғу берилиб, соҳадаги олий таълим муассасаларини трансформация қилиш зарурлиги таъкидланган эди.
Энди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Самарқанд давлат архитектура қурилиш университети деб қайта номланади. Бу бўйича давлат раҳбарининг қарори лойиҳаси ҳам тайёрланмоқда. Албатта, университет мақомига эга бўлиш ўз-ўзидан олий таълим муассасамиз жамоаси зиммасига катта масъулият юклайди. Энг аввало, олий ўқув юртимизда таълим сифатини жаҳон талабларига мос равишда кўтаришимиз зарур. Бунинг учун кадрлар салоҳиятини оширишдан тортиб, ёшларнинг замонавий услублар асосида таълим олишигача бўлган масалаларни ҳал этишимиз лозим.
Шу ўринда айтиш жоиз, Самарқанд қадимдан фан ва маданият ўчоғи бўлган. Бунинг амалий ифодасини қадимий шаҳарда қурилган меъморий обидаларда ҳам кўриш мумкин. Айнан Самарқанд фан ва маданиятлар чорраҳасида жойлашган. Муассасамизнинг халқаро нуфузини ошириш, яъни жаҳон миқёсидаги етакчи олий таълим даргоҳи бўлишини таъминлашни олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Талабаларга чуқур билим бериш, иқтисодиёт учун зарур мутахассисларни тайёрлашни энг муҳим вазифамиз деб белгилаб олдик.
Янги авлод университетида келажакда архитектура ва қурилиш соҳасига эътибор кучайтирилади. Фанлараро истиқбол, академик, ташкилий бошқарув ва молиявий мустақилликка эришилади. Бу эса ўз-ўзидан таълим ва илмий-тадқиқот учун юқори ва сифатли, кенг кўламли янги фаол университет муҳитини яратади. Фаол муҳитни яратишда ўқув жараёнида хорижий тажрибалар кенг татбиқ этилади. Шунингдек, нуфузли қурилиш ва лойиҳалаш компаниялари билан ҳамкорликда амалиёт дастурлари ишлаб чиқилади.
Тақдимотда Тошкент ҳамда Самарқанддаги архитектурақурилиш институтларига хорижлик тажрибали мутахассисларни жалб этиш, шунингдек, маҳаллий профессорўқитувчиларни чет элга илмий стажировкага юбориш муҳимлиги қайд этилди. Бу борада Самарқанд давлат архитектурақурилиш институти Туркиянинг Йилдиз техника университети билан таълим ҳамкорлигини йўлга қўяди. Кези келганда айтиш жоиз, шу йилнинг январь ойида Туркиянинг қатор университетлари билан ҳамкорлик шартномаларини имзоладик.
Хусусан, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти билан Истанбул култур университети, Туркиянинг Мимар Синан тасвирий санъат университети, Фотиҳ Султон Меҳмет университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, талабалар ва профессорўқитувчилар алмашинуви тўғрисида шартномалар тузилди. Ушбу янги шартномалардан ташқари, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон, Хитой, Жанубий Корея, Малайзия, Германия, Австрия, Венгрия, Польша, Португалия каби давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувларга эришганмиз.
Тақдимотда Президент Шавкат Мирзиёев архитектура-қурилиш йўналиши бўйича таълим сифатини оширишда бизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Ёшлар ўз соҳасининг ҳақиқий эгалари бўлиши муҳимлигини яна бир бор эслатди. Келажак авлод истиқболи йўлида берилган ушбу кўрсатмалар бизга янада куч-ғайрат, қатъий ишонч бағишлаши билан бирга, зиммамизга улкан масъулият ва вазифалар залварини ҳам юклайди.
Бугун олдимизда турган режалар катта, бу ўзгаришларни бир ёки икки киши бўлиб эмас, бутун жамоа биргаликда амалга оширсагина натижа аъло бўлади. Шу жиҳатдан тақдимотда жаноб Президент бизга жуда катта мотивация берди. Биз ҳам, ўз навбатида, Янги Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотларда иштирок этаётганимиздан фахрландик. Қолаверса, бу жараёнда ўз билимимизга ва хорижий тажрибаларга таянган ҳолда талабаларни юксак салоҳиятли кадрлар қилиб тайёрлашга ҳисса қўшамиз ҳамда бу йўлда астойдил хизмат қиламиз.