Мамлакатимизда хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаб, иқтисодий самарадорликни кўпайтириш мақсадида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев нефть-газ кимё саноатидаги истиқболли лойиҳалар ҳолатига оид тақдимот билан танишди. Тақдимотда билдирилган фикрлар юзасидан мутасаддилар ўз муносабатларини билдирди.
Шуҳрат ВАФОЕВ,
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари:
— Йиғилишда мутахассислар газ-кимё соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, соҳада олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳисоботларини тақдим этди.
Хомашё базасини мустаҳкамлаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар таннархини тушириб, ички ва ташқи бозорда рақобатдошлигини ошириш бўйича муҳим топшириқлар берилди.
Президентимиз яна бир марта давлат органлари ва давлат хизматчилари халқ манфаатидан келиб чиқиб ишлаши кераклигини алоҳида таъкидлади. Халқ манфаатини таъминлашда авваламбор янги иш ўринлари яратишга эътибор қаратиш зарур. Бу иш ўринлари маоши юқори ва замонавий бўлиши лозимлиги таъкидланди. Бугунги кунда газ-кимё, табиий газни қайта ишлаш соҳасида 50 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Унинг 13 таси бўйича аниқ инвесторлар бор. Уларнинг айримлари инвестиция ҳам киритган. Қолганларини жалб қилиш мақсадида музокаралар олиб борилмоқда. Яна 12 та лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослар тайёрланган ва бу бўйича инвесторлар билан иш олиб борилмоқда.