Отаси Хожа Мир Абдуллоҳ бўлиб, у аштархоний Абдулазизхон (1645-1681) ва Субҳонқулихон (1681-1702) даврида яшаган. 1711 йил Убайдуллахон ўлимидан кейин Бухоро хонлиги тахтига 10 ёшлар атрофидаги Абулфайзхон ўтирган. Аштархонийлар сулоласининг амалдаги сўнгги ҳукмдори бўлган мана шу шаҳзода Ситораи Моҳи Хосса хонимнинг ўғли эди.
«Замон Билқиси» Ситораи Моҳи Хосса хоним Субҳонқулихоннинг хотини бўлиб, улардан аштархонийларнинг сўнгги ҳукмдорлари – Убайдуллахон ҳамда Абулфайзхонлар дунёга келган. Садри Зиё(1865-1932)нинг Болойи ҳовуз мажмуасининг қурилиши хусусида берган қуйидаги маълумоти эътиборга молик: «Болойи ҳовуз хонақоҳи, атрофида таҳоратхона ва ҳужралари бор. Уни Мир Абдуллахўжанинг қизи, Субҳонқулихоннинг хотини, хон шаҳид (Абулфайзхон – А.З.)нинг онаси Биби Ойпошша (Ситораи Моҳи Хосса – А.З.) қурдирган» (Тарихи асори атиқа).
Энди асосий масала Амир Олимхоннинг ёзги саройи (Ситораи Моҳи Хосса) ва Болойи ҳовуз мадрасаси нега битта ном билан аталиб қолишидадир. Аввало, Ситораи Моҳи Хосса саройининг соҳиблари Амир Абдулаҳад ушбу маърифат олами маликасининг еттинчи, Амир Олимхон эса саккизинчи авлоди ҳисобланади.
У насл-насабда Амир Олимхон (1910-1920) ибн Амир Абдулаҳад (1885-1910) ибн Амир Музаффар (1860-1885) ибн Амир Насрулло (1827-1860) ибн Амир Ҳайдар (1800-1826) ибн Шамсиябону бинти Абдумўминхон ибн Абулфайзхон ибн Ойпошшо биби (Ситораи Моҳи) кўринишида Ситораи Моҳи Хосса хонимга бориб уланади.
Демак, Амир Олимхон ўз ёзги саройи номини ўтмишдаги маърифатпар момокалони номи билан атаган. Шунингдек, XIX асрдаги манғит ҳукмдорлари ҳаёти билан боғлиқ баъзи маросимларнинг Болойи ҳовузда ўтказилиши ҳам, балки шундан далолатдир.
Қурилиши қадимийроқ бўлган Ситораи Моҳи Хосса мадрасаси номи унутилишининг битта сабаби мавжуд. Бу жой ўша даврлардаёқ Болойи ҳовуз деб аталган иккинчи номи билан ҳам кўпроқ машҳур эди. Бу ном кейинчалик Ситораи Моҳи Хосса номини ўз соясида қолдирган.
Бухорода Ситораи Моҳи Хосса хоним каби халқ равнақи, мамлакат ободлиги, тараққиёти ғамида ўрнак бўларли ишларни амалга оширган аёллар кам эмас. Уларнинг ҳар бири миллат қалбининг бетакрор ифори, шу юрт ўтмишининг безагидир.