Пеньсилвания штатида номаълум шахслар 100 минг товуқ тухумини ўғирлаб кетишди. Ҳодиса тухум тақчиллиги ва парранда гриппи сабаб уларнинг нархи ошиши фонида юз берди, деб хабар бермоқда CNN.
Ҳодиса шанба куни Гринкасл шаҳрида юз берди. Ўғирланган маҳсулотнинг қиймати 40 минг долларга баҳоланмоқда, тухумлар Pete & Gerry’s Organics ишлаб чиқарувчи компания заводида тўхтаб турган юк машинасидан ўғирланган. Компания телеканалга воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди.
“Биз бу масалага жиддий ёндашамиз ва уни имкон қадар тезроқ ҳал қилишга интиламиз. Тергов давом этаётгани боис, тафсилотларга қўшимча изоҳ бера олмаймиз”, деди компания.
АҚШда сўнгги ойларда товуқ тухумининг етишмаслиги кузатилди ва бу маҳсулот нархи юқорилигича қолмоқда. Бунга 2024 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида 17,2 миллионта тухум қўювчи товуқларнинг нобуд бўлиши сабаб бўлди.
Вазиятнинг ўнгланиши учун бир неча ой керак бўлиши мумкин. Январь ойида ўн дона тухумнинг нархи 5,29 долларни ташкил этган бўлса, бир йил аввал 3,50 доллар атрофида бўлган, яъни нархлар 50 фоизга ошган. Баъзи штатларда дўконлар одам бошига бир қутидан кўп сотмаслик бўйича чекловлар қўйди, деб хабар беради tass.ru.