Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлимининг собиқ давлат инспекторларининг қайта мурожаатида  бюродан бўшаган ходимлар иш билан таъминланиши белгиланганлиги, аммо ҳалигача иш топиб берилмаганини баён этишган.

Мазкур мурожаат, унда кўтарилган масалалар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Бюронинг Наманган шаҳар бўлимида фаолият кўрсатиб келган собиқ ходимларга амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра иш берувчи томонидан огоҳлантириш хатлари берилган. Уларни иш билан таъминлаш мақсадида мунтазам равишда тегишли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Жорий йилнинг июль-август ойининг ўзида 3 маротаба Наманган шаҳри ҳудудида фаолият кўрсатаётган ташкилот ва идораларнинг 450 га яқин бўш иш ўринлари таклиф этилган. 2020 йилнинг 5 сентябрга  қадар 40 нафар собиқ ходимлар таъминотчи корхона ва бошқа муассасага ишга жойлаштирилди.

Айнан 2020 йилнинг 3 сентябрь куни ҳам 60 нафар собиқ давлат инспекторлар учун бошқарма Кадрлар бўлими, бандликка кўмаклашиш маркази ишга жойлаштириш бўлими ҳамда таъминотчи корхоналар мутассаддилар иштирокида тадбир ташкил этилган. Тадбир мобайнида бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар ходимларга яна бир бор тақдим этилди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, айрим собиқ давлат инспекторлари таклиф этилган бўш иш ўринлари маъқул келмагани учун ишга жойлашиш рози бўлишмаётгани маълум бўлмоқда.

Асосийси, Бюро органларидан қисқартилаётган ходимларни иш билан таъминлаш масаласи доимо эътиборда бўлиб келганини маълум қиламиз.

Мажбурий ижро бюроси

Наманган вилоят бошқармаси