Дунё иқтисодий форуми, Marsh & McLennan халқаро суғурта компаниялари ва Zurich Insurance Group 347 дунёнинг етакчи мутахассислари орасида коронавирус пандемияси билан боғлиқ энг катта хавфлар ва уларнинг кейинги бир ярим йил ичида пайдо бўлиши эҳтимоли тўғрисида сўров ўтказдилар, дея хабар беради «Дунё» АА мухбири Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (ИСМИ) маълумотларига таянган ҳолда.

Аксарият экспертларнинг фикрига кўра, иқтисодий, ижтимоий, геосиёсий ва технологик хатарлар кўплаб мамлакатларнинг аҳволи ва турмуш даражасига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Жамият учун энг катта хавф бу- иқтисодий зарар, чунки миллионлаб одамлар ишларидан ажралиб, уйда қолишга мажбур бўлишди.

Хусусан, бутун дунё бўйлаб иш жойларининг оммавий қисқариши фонида экспертларнинг 69 фоизи узоқ вақт давом этадиган глобал пасайишни башорат қилмоқда.

Шу билан бирга, экспертлар глобал иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни тезлаштириш эҳтимоли катта эканини таъкидламоқда. Бу узоқ давом этадиган оқибатларга олиб келади. Халқаро ташкилотлар ва ривожланган мамлакатларнинг кредитлари ва заёмларини оладиган кўплаб ривожланаётган мамлакатлар учун қарзларнинг ошиши катта хатарлар қаторига киради.

Мамлакатларнинг глобал инфекция тарқалишини юмшатишга уринишларига қарамай, таҳлилчилар карантин бекор қилинганидан кейин ҳам коронавирус юқиш хавфи бўлишини таъкидлашмоқда.

Бундан ташқари, экспертларнинг 21 фоизи ижтимоий тенгсизлик кучайиб бораётганини айтишмоқда. Натижада фуқароларнинг 18 фоизида ҳукуматга бўлган ишонч сусайиши мумкин.

Сўралганларнинг 49 фоизи глобал инқироз шароитида савдо ва товарлар, хизматлар ҳаракати чекловлари кучайиб боришига ишонади. Бу муаммо коронавирус пандемиясидан олдин ҳам пайдо бўлган. Шу муносабат билан таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бу йил жаҳон савдоси 13-32 фоизга пасайиши эҳтимолдан холи эмас. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эса яна 30-40 фоизга қисқариши мумкин. Шунингдек, глобал кучлар, хусусан, Хитой ва АҚШ ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кучайиши ҳам қайд этилган.

Умуман олганда, мутахассислар коронавирус пандемиясининг салбий иқтисодий, ижтимоий ва геосиёсий оқибатлари узоқ муддатли эканига қўшиладилар. Шу билан бирга мутахассислар орасида энг катта ташвиш дунёнинг таназзули, кўплаб корхоналарнинг банкротлиги ва ишсизликнинг ошиб бориши билан боғлиқ.