Матбуот анжуманида таъкидланишича, “BioGenetic” қурилмаси юртимизда ташаббускор гуруҳ томонидан пандемиядан олдин хона ҳавосини зарарсизлантириш учун яратилган. 2020 йил март ойида СЭО ва ЖСХ экспертлари ташаббусига кўра қурилманинг имкониятлари бактериология лабораторияларида синовдан ўтказилган. Пандемия бошланиши билан эпидемиология ҳамда вирусология экспертлари тавсияларига асосан, “BioGenetic” қурилмаси, бактерия, микроб ва вирусларни ҳаво, ҳаво томчилари оркали тарқалишини олдини олиш имкониятигача такомиллаштирилган.
Қурилманинг ҳақиқатдан ҳам бир неча сонияда вирусларни нобуд қилиш имкониятини ўрганиш мақсадида юртимизнинг етук профессор ва экспертлари бирлашиб, мавжуд Covid вирусларини ҳаво орқали пуркаш, суюқлик орқали томчилаб томизиш, зарарланган инсон организмидан нафас чиқариш йўли билан тарқатиладиган вирусларни пробиркаларга тутиш, ПЦР мусбат натижаларига қурилма билан таъсир кўрсатиш каби усулларни ишлаб чиқди.
2020 йил апрель ойида “BioGenetic” қурилмаси Covid вирусига қарши Covid-19 марказларида кейинчалик вирусология лабораторияларида синовдан мувафаққиятли ўтган. Синов натижаларига кўра, Covid вирусининг SARS ва бошқа туркумлари қурилма таъсири остида электронлар орқали қобиққа олиниб вирус RNKси нобуд бўлгани исботланган.
Ҳозирги кунда Санитария – эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий – тадқиқот институти, Вирусология, Бактериология, Гематология қон қуйиш маркази, экспертлари ташаббуси билан яратилган Covid вирусининг барча штаммларини бир неча сония ичида нобуд қилувчи қурилманинг барча лаборатория, клиник ҳамда таққослаш синовлари ниҳоясига етди.
Клиник синовлар коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус «Зангиота-1, 2» шифохоналарида ўтказилиб, таҳлилларга асосан, Covid туркумига кирувчи барча вируслар ҳавода, сиртда ва суюқликда нобуд бўлди.
Бир ярим йил мобайнидаги таҳлил ва синовлар, инсон организмига салбий таъсир кўрсатмади, аксинча, зарарланган фуқароларда нафас олиш енгиллашди, иммунитет кўтарилди, аллергия ва астма каби хасталиклар ҳам бартараф этилди. Зарарларган фуқароларда Covid туркумига хос вирус 3 кун мобайнида йўқ қилинди.
Хозирги кунда қурилма кўплаб лаборатория, клиника, шифохона ва ташкилотларда ўрнатилган.
Қурилма имкониятлари: 100 метр квадрат майдондаги xона инактивацияси учун 15 дақиқа кифоя. Ҳаво орқали инфекция юқиши xавфини бутунлай йўққа чиқаради. Инсон нафас олиш йўлларидаги вирусларни масофавий тозалаш, ҳамда ҳаводаги вирус ва бактерияларни бартараф этишга қаратилган.
Ҳозирги кунда Япония, Россия, Америка ва Европа давлатлари экспертлари ҳам шу каби технологиялар устида иш бошлади. Аналогларини Япония ва Россия давлатларида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Мутахассисларимиз ушбу теxнологиядан тиббиёт муассасалари ва одам гавжум бўладиган бошқа бино ва иншоотларда фойдаланишни тавсия этишмоқда. Ишлаш принципи энг замонавий теxнологияларга асосланган ва инсон саломатлиги учун мутлақо хавфсиз.