Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокимлиги, туман таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси кенгаши, жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамкорлигида ўзига хос, таъбир жоиз бўлса супермарафон ташкил этилди.

Кеча сурхондарёлик марафончилар «Денов-Термиз» йўналиши бўйлаб 136 километрлик масофани югуриш ва спортча юриш билан тўлиқ босиб ўтиш учун стартга чиққан эди. Ушбу супермарафонда туман халқ таълими бўлими методисти Фахриддин Худойбердиев, шунингдек, бир гуруҳ жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, жумладан 4-умумтаълим мактабидан Рустам Шерниёзов, 27-умумтаълим мактабидан Шерзод Эргашев ҳамда Акмал Тошев, 52-умумтаълим мактабидан Акмал Валиев, 66-умумтаълим мактабидан Дилмурод Бўтаев, 68-умумтаълим мактабидан Мусурмон Сатторов ҳамда 71-умумтаълим мактабдан Эркин Тўраевлар қатнашди.

Денов педагогика ва тадбиркорлик институти биноси олдидан стартга чиққан марафон иштирокчилари туни билан дам олишмаган ҳолда бугун соат 10:00 да Термизга етиб келди. Йўл-йўлакай марафончилар қишлоқлар аҳолисини соғлом турмуш тарзига тарғиб этиб боришганини ҳам алоҳида эътироф этиш керак.