Тезкор-қидирув тадбирлари давомида дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманида кузатувда бўлган шахс тўхтатилиб, унинг ёнидан 0,13 грамм “гашиш” аниқланди. Тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг кўрсатмасига асосан Тошкент катта ҳалқа йўлининг Зангиота тумани ҳудудида жойлашган омбор кўздан кечирилди. У ерда 5 та металл ва елим идишларда сақланаётган 900 литр прекурсор борлиги маълум бўлди.

Тезкор тадбир изчил давом эттирилиб, Андижон вилоятида яна икки нафар шахс шубҳа остига олинди. Яширин кузатув натижасида улар турли манзилларда кўмиб қўйилган 100 литр суюқ ва 25 килограмм кукун кўринишидаги прекурсорларни олиб, Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласидаги дала ҳовлига олиб боргани аниқланди.

Мазкур дала ҳовли холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда яширин нарколаборатория ташкил этилгани фош бўлди. Ҳудуддан 26 килограмм “мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси ҳамда 5 турдаги 590 литр номаълум кимёвий суюқлик шаклидаги прекурсорлар топилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчилар ижтимоий тармоқларда “Саймон” лақаби билан танилган шахс кўмагида 15 800 АҚШ долларига дала ҳовлини сотиб олиб, нарколаборатория ташкил этган.

Кенг қамровли тезкор тадбирлар натижасида жами 26 кг синтетик гиёҳвандлик воситаси, қарийб 1,5 тонна прекурсор ва кимёвий суюқликлар ҳамда махсус анжомлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳолат юзасидан тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, йил бошидан буён божхона органлари томонидан республика ҳудудида 200 кгдан ортиқ анъанавий ва синтетик гиёҳвандлик воситалари ҳамда 27 кг психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.