Кейинги йилларда фуқаролар меҳнат ҳуқуқини таъминлашга қаратилган  кенг кўламли ислоҳотлар мақсади меҳнат орқали фаровонликни оширишдир. Меҳнат шароитларини яратиш ва яхшилаш билан бирга, фуқаролар саломатлигини тиклаши, дам олиши, оиласи даврасида яқинлари ва фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказиши масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ишлар замирида инсонни қадрлаш, унинг орзу-истакларини ҳурмат қилишдек эзгу мақсад мужассам, албатта.

Дарҳақиқат, инсон меҳнат қилар экан, ҳам маънан, ҳам жисмонан ҳордиқ олишга эҳтиёж сезади. Меҳнат қонунчилигида ҳар бир шахс дам олиш ҳуқуқига эгалиги, меҳнат шартномаси бўйича ишловчининг қонунда белгиланган иш вақти давомийлиги, дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳал йилги таътил кафолатланиши белгилаб қўйилган.

Йиллик, ҳафталик фаолияти давомида ҳар бир ишчи-ходим дам олиш ҳуқуқидан фойдаланади. Бу, албатта, унинг келгусида янада самарали меҳнат қилиши, ишида унум бўлишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, фуқаро дам олиш кунлари оиласига ҳам вақт ажратади. Фарзандларининг ҳол-аҳволи, ўй-фикрлари билан қизиқади, режалари билан ўртоқлашади. Ишлайдиган йигит-қизлар дам олиш вақтида қўшимча фойдали машғулотлар билан шуғулланишга имкон топади. Чет тилларни ўрганиш дейсизми, китоб мутолааси, дўстлар даврасида янги марралар, ғоялар ҳақида суҳбатлашади.

Ана шу асосларга кўра, ҳар бир шахснинг дам олиш ҳуқуқини Бош қонунда ҳам мустаҳкамлаш таклифини билдирмоқчиман.

Амалдаги Конституциямизнинг иккинчи бўлими инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган. Унда фуқаролик, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар белгилаб берилган. Хусусан, 38-моддада ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгалиги, иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланиши кўрсатиб ўтилган.

Таклифим – меҳнат ҳуқуқи тегишли қонунга ҳавола қилинибгина қолмай, Конституциянинг ўзида белгилансин. Инсон шахсий ҳуқуқлари кафолатлари қаторида меҳнат ва дам олиш ҳуқуқи ҳам кўрсатиб ўтилса, инсон қадрини улуғлаш йўналишидаги ислоҳотлар мазмунига мос бўларди, деб ўйлайман.

Айрим ҳолларда нодавлат ташкилотлар, шахсий корхона ва фирмаларда ишчиларнинг дам олиш кунларисиз ёки йил давомида дам олиш таътилисиз ишлаш ҳолатлари кузатилади. Бу инсоннинг меҳнат ҳуқуқлари поймол этилишидир. Дам олиш ҳуқуқи тартиблари асосий қонунда белгиланса, мана шу масалалаларга қатъий риоя этилади, инсон ҳуқуқлари кафолатланади.

Улуғбек ВАФОЕВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари,

Қонунчилик палатаси депутати